Яшил тараққиёт тамойиллари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашида “Яшил тараққиёт ёшлар нигоҳида” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида “Яшил тараққиёт тамойиллари: таҳлил ва натижалар” китобининг тақдимоти ҳамда экологик ислоҳотлар, яшил тараққиёт тамойиллари ва бу жараёнларда ёшларнинг ўрни юзасидан очиқ мулоқот ҳам ўтказилди.
Тадбирда партия раисининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Ҳофизов сўзга чиқиб, яшил тараққиётга ўтиш жараёнида экологик масалаларнинг долзарблиги, экологик маданиятни юксалтириш ҳамда ёшларнинг мазкур йўналишдаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.

Тақдимот давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Борий Алихонов яшил тараққиётнинг асосий тамойиллари, экологик йўналишдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, эришилган натижалар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Шунингдек, қуйи палата депутатлари экологик сиёсат ва қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берди. Экологик муаммоларга жамоатчилик эътиборини кучайтириш ҳамда фуқароларнинг экологик масъулиятини ошириш масалалари юзасидан фикр билдирдилар.

Тадбир давомида ёшларнинг экологик жараёнлардаги иштироки, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, экологик билим ва кўникмаларини ривожлантириш, атроф-муҳит муҳофазасига оид масалаларда жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда ёшларни ижтимоий жараёнларга фаол жалб этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Очиқ мулоқотда ёшлар ҳам ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдириб, бир қатор саволларни ўртага ташладилар. Экологик ислоҳотлар, яшил иқтисодиёт, экологик маданият, ёшларнинг ижтимоий фаоллиги ва атроф-муҳит муҳофазасига оид масалалар юзасидан фикр ва таклифларини билдирдилар.
М.Комилова, ЎзА