Қасамёд — садоқат ва масъулият тимсоли
Наманган вилояти Норин туманида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда Ватанга садоқат ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини юксалтириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Тумандаги 11-умумтаълим мактабида ташкил этилган «Жасорат синфи» ўқувчиларининг Ватанга садоқат қасамёдини қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими ўринбосари Ж. Нурмуҳамедов иштирок этиб, қасамёд қабул қилган ўқувчиларни ушбу муҳим воқеа билан табриклади. Ёшларга келгусида Ватанга садоқатли, халқ хизматига камарбаста ва юрт тинчлигини қадрлайдиган инсонлар бўлиб камол топишларини тилади.
[gallery-31851]
Айни пайтда мактабдаги «Жасорат синфлари»да 52 нафар ўқувчи ҳарбий-ватанпарварлик йўналишида таҳсил олмоқда. Жумладан, 5-синфга қабул жараёнида 282 нафар талабгор икки босқичли саралашдан ўтказилиб, улар орасидан 26 нафари ўқишга қабул қилинди.
Қасамёд маросими ўқувчилар ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлди. У ёшларнинг Ватанга садоқат, халққа хизмат қилиш ва юрт тинчлигини асраш каби юксак масъулиятни чуқур англашида муҳим аҳамият касб этади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА