“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси – амалда
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Андижон вилоятида кўчат экиш, яшил ҳудудларни барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида вилоятда 15 миллион 416 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ва қаламчалар экилиши режалаштирилган.
Ўтган йили кўчат экиш бўйича эълон қилинган “Долзарб 40 кунлик” давомида 7 миллион 54 минг 300 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Экилган мевали, манзарали дарахт кўчат ва қаламчаларнинг 2,5 миллион тупдан зиёди маҳалла ҳудудлари, кўча ва хонадонларга ўтқазилди. Вилоятда ушбу хайрли тадбир доирасидаги ишлар давом этмоқда.
Баҳор ойида 9 миллион 635 минг туп манзарали ва мевали дарахтлар, шунингдек, бута кўчатлари ҳамда қаламчалар экилиши белгиланган. Айни кунларда кўчат ўтказиш ишлари қизғин давом этмоқда. Вилоятнинг туман ва шаҳарларида экоакциялар ташкил этилмоқда.
[gallery-5883]
Хусусан, Шаҳрихон туманида ўтказилган “Эко-акция” да вилоят ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи М.Нишанов, туман ҳокими, сектор раҳбарлари, фахрийлар, туман фаоллари, ёшлар, ободонлаштириш бошқармаси ишчи-хизматчилари, умуман, кенг жамоатчилик фаол иштирок этди. Нуронийларнинг дуо-фотиҳалари билан бошланган ҳашарда йўл бўйлари, ариқ-зовур четлари, бўш турган майдонлар ҳамда аҳоли хонадонларига 86 минг тупдан ортиқ қарағай, павлония, арча каби манзарали ҳамда мевали ниҳоллар, шунингдек, фермер хўжаликлари дала майдонларининг четларига тут кўчатлари экилди.
Вилоятда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари давом этмоқда.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА