“Яшил макон” — келажак учун тоза муҳит
Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимизда кенг кўламли кўчат экиш ишлари ўтказилмоқда.
Бухоро вилоятида ушбу хайрли ташаббус Бухоро туманидаги “Хонобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида, халқаро аҳамиятга эга “М-37” автомобиль йўли бўйида ажратилган 5 гектар майдонда ташкил қилинди. Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида мутасадди раҳбарлар, Олий Мажлис депутатлари, жамоатчилик вакиллари, ёшлар, хотин-қизлар ҳамда маҳалла фаоллари фаол иштирок этди.
Таъкидланганидек, лойиҳа 2021 йил кузидан бошлаб амалга оширилиб келинмоқда. Шу вақтга қадар Бухоро вилоятида 65 миллионга яқин дарахт ва бута кўчатлари экилиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлимни юмшатиш борасида салмоқли ишлар қилинди. Шунингдек, шаҳар ва туманларда 25 та ҳудудда 28,7 гектар майдонда “яшил боғ”лар ташкил этилди ва уларда 10 мингдан ортиқ манзарали дарахтлар парваришланмоқда.
[gallery-28507]
Аҳоли учун қулай дам олиш масканларини яратиш мақсадида Бухоро шаҳрига туташ Боғидашт маҳалласи ҳудудида 43 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” боғи барпо этилмоқда. Бу ерда 20 минг тупдан зиёд дарахт ва бута кўчатлари экилиб, замонавий яшил ҳудуд шакллантирилмоқда.
Бундан ташқари, Бухоро, Когон ва Қоровулбозор туманларидан ўтувчи “А-380” халқаро автомобиль йўли бўйлаб 30 километр масофада “яшил белбоғ”лар ташкил этилди. Уларда 5 қатордан 10 қаторгача дарахт ва бута кўчатлари экилиб, Корея тажрибаси асосида замонавий суғориш тизими жорий қилингани алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Лойиҳа доирасида “Менинг боғим” дастури ҳам амалга оширилмоқда. Унга кўра, ҳар йили вилоятнинг барча 13 та шаҳар ва туманида камида 0,5 гектар майдонда янги “яшил боғ”лар барпо этиш режалаштирилган. Бу ташаббус аҳоли ўртасида бирдамлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамламоқда.
Хонободда ўтказилган навбатдаги умумхалқ ҳашари давомида 5 гектар майдонга турли хил манзарали дарахт кўчатлари экиб чиқилди. Жумладан, 300 туп қайрағоч ва садақайрағоч, 200 туп каталпа ва тут, 100 туп шумтол ҳамда япон сафораси каби кўчатлар маҳаллий иқлим шароитига мос ҳолда ўтқазилди.
Бундай кенг кўламли ишлар нафақат табиатни асраш, балки келажак авлод учун соғлом ва мусаффо муҳит яратишга хизмат қилади. “Яшил макон” лойиҳаси эса юртимизни янада обод ва кўркам масканга айлантириш йўлида муҳим қадам бўлиб қолмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари