"Яшил макон": баҳорги мавсумда қанча кўчат экилди?
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Экология вазирлигининг "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳорги кўчат экиш мавсумида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти эшитилди.
Қайд этилишича, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида 2025 йил баҳорги кўчат экиш мавсумида жами 136,0 млн. туп дарахт ва бута кўчатлари экилган.

Шунингдек, жорий йилнинг биринчи чорагида 20 та "яшил боғлар" барпо этиш белгиланган. Бугунги кунга қадар ("яшилмакон.еcо" электрон платформасига киритилган маълумотларга кўра) республика бўйича 241 гектар майдонга 248 минг 610 туп манзарали дарахт кўчатлари экилган. Жами 27 та, шундан Хоразм вилоятида 11 та, Қорақалпоғистон Республикасида 5 та, Сурхондарё вилоятида 4 та, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 2 тадан, Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида 1 тадан "яшил боғлар" барпо этилган.
Эшитувда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар дунё ҳамжамияти томонидан ҳам кенг қўллаб-қувватланаётгани қайд этилди. Яқинда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясида "Барқарор ўрмон хўжалиги асосида ўрмонзорлаштириш ва ўрмон тиклаш бўйича ҳаракатлар декадаси" номли резолюция қабул қилингани бунинг яққол исботи сифатида эътироф этилди.

Муҳокамаларда халқ вакиллари мазкур лойиҳа доирасидаги ижобий ишлар билан бирга, айрим камчиликларга ҳам эътибор қаратдилар. Жумладан, хавфли саноат корхоналари ва уларга туташ ҳудудларда дарахт кўчатларини экиб, "яшил белбоғлар" ҳамда янги тутзорлар барпо этиш ишлари охирига етказилмагани юзасидан эътирозлар билдирилди.
Суғориш тизимларини ва сув чиқариш қудуқларини ташкил этиш, сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланиш, ҳудудларда иқлимга мос, кам сув талаб қиладиган дарахт навларини кўпайтириш, дарахт ва буталарнинг зараркунандалари ҳамда касалликларига қарши курашиш чораларини кўриш лозимлиги таъкидланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА