Яшил ҳудуд — соғлом муҳит
Бугун табиатга муносабат — келажакка муносабатдир. Дарахт экиш, мавжуд яшил ҳудудларни асраб-авайлаш, уларни зараркунанда ва турли касалликлардан ҳимоя қилиш нафақат экологик, балки ижтимоий аҳамиятга эга вазифага айланмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимизда яшил майдонларни кенгайтириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш, шаҳар ва туманларни янада обод ҳамда экологик жиҳатдан қулай ҳудудларга айлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда янги кўчат экиш билан бир қаторда, аввалдан мавжуд дарахтларни парваришлаш ва уларнинг соғломлигини таъминлаш ҳам муҳим. Шу мақсадда Бухоро вилоятининг Вобкент туманида яшил ҳудудларнинг санитария ҳолатини яхшилаш, манзарали дарахт ва кўчатларни зараркунандалардан ҳимоя қилишга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Вобкент туман бўлими ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг туман бўлими мутахассислари ҳамкорлигида “Вобкент Ёшлар боғи” мажмуаси ҳудудидаги манзарали дарахтлар ва кўчатларнинг санитария ҳолати кўздан кечирилди.
Ўрганиш жараёнида ҳудуддаги яшил майдонларнинг умумий ҳолати, дарахт ва кўчатларнинг парвариш даражаси, уларнинг ўсиши ва ривожланиши, шунингдек, турли зараркунанда ҳашаротлар томонидан зарарланиш эҳтимоли синчиклаб мониторинг қилинди.
Мутахассислар ҳар бир дарахт ва кўчатнинг ҳолатига эътибор қаратиб, уларни соғлом сақлаш, парваришлаш, зараркунанда ва касалликларнинг олдини олиш бўйича зарур профилактик тадбирларни амалга оширди. Зеро, дарахтнинг соғломлиги бир кунлик назорат билан эмас, балки мунтазам парвариш, ўз вақтида профилактика ва малакали ёндашув билан таъминланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, яшил ҳудудларда зараркунанда ҳашаротлар пайдо бўлганидан кейин курашишдан кўра, уларнинг тарқалишининг олдини олиш анча самарали. Шу боис “Вобкент Ёшлар боғи” ҳудудида ҳам дарахт ва кўчатларни мунтазам кузатиб бориш, уларнинг ташқи кўринишидаги ўзгаришларга эътибор қаратиш, қуриб қолган ёки зарарланган шохларни ўз вақтида аниқлаш, санитария ҳолатини яхшилаш ва зарурат туғилганда мутахассислар тавсияси асосида ҳимоя тадбирларини ўтказиш юзасидан тавсиялар берилди.
— Дарахт ва кўчатларни ҳимоя қилишда энг аввало профилактикага эътибор қаратиш лозим. Зараркунанда ҳашаротлар ўз вақтида аниқланмаса, қисқа муддатда катта ҳудуддаги ўсимликларга зарар етказиши мумкин. Шунинг учун яшил майдонларни мунтазам мониторинг қилиш, дарахтларнинг ҳолатини кузатиб бориш ва муаммо аниқланганида тезкор чора кўриш муҳим, — дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Вобкент туман бўлими инспектори Нусрат Истамов. Инспектор Шомурод Исломов эса дарахтларни парваришлашда мавсумий талабларга риоя қилиш муҳимлигини таъкидлайди: — Манзарали дарахт ва кўчатлар нафақат ҳудудга кўрк бағишлайди, балки ҳавони тозалаш, атроф-муҳитни соғломлаштириш ва инсонлар учун қулай муҳит яратишда ҳам муҳим ўрин тутади. Шунинг учун уларни экиб қўйишнинг ўзи етарли эмас. Кўчатнинг илдиз отиши, ўсиши ва соғлом ривожланиши учун мунтазам парвариш ва назорат зарур. Айниқса, зараркунанда ва касалликларни эрта аниқлаш катта аҳамиятга эга.
Аҳоли, айниқса, ёшлар дам олиши ва мазмунли ҳордиқ чиқариши учун хизмат қиладиган масканларнинг кўкаламзорлиги алоҳида аҳамиятга эга. Бундай ҳудудларда дарахт ва кўчатларнинг соғломлиги нафақат эстетик кўриниш, балки инсон саломатлиги ва экологик муҳит билан ҳам бевосита боғлиқ. Шунинг учун яшил ҳудудларни асраш маданиятини шакллантириш, ёшларни табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ўргатиш ҳам муҳим вазифалардан биридир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири