Сеулда «Tech Compatriots Meetup-2026» учрашуви ўтказилди
Сеулда Ўзбекистондан бориб, Корея Республикасида фаолият юритаётган ва таҳсил олаётган IT мутахассислари, муҳандислар, тадбиркорлар ҳамда технологик лойиҳалар асосчилари бир даврада жам бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг Сеулдаги элчихонасида IT Park Uzbekistan ташаббуси билан «Tech Compatriots Meetup-2026» учрашуви ўтказилди. Унда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этди. Тадбир давомида IT Park Uzbekistanнинг Корея Республикасидаги расмий вакили Данияр Атаджанов ҳам таништирилди.
Учрашувда асосий эътибор хориждаги ўзбек IT мутахассисларини Ўзбекистон технологик муҳити билан янада яқинлаштиришга қаратилди. Хусусан, тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро компаниялар билан ҳамкорлик қилиш ва Ўзбекистон IT маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Иштирокчиларга IT Park Uzbekistan экотизими, халқаро компаниялар ва стартаплар учун яратилган имкониятлар, сунъий интеллект ва инновацион технологияларни ривожлантириш истиқболлари, инвестициявий имкониятлар ҳамда халқаро ҳамкорлик йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
Кореядаги ўзбек мутахассислари бугун дунёнинг йирик технологик компанияларида ишламоқда. Учрашувда NVIDIA, Coupang, SendBird, STRATIO, ThunderSoft, Salmon Group, Salm Corp ва i2max каби компанияларда фаолият юритаётган муҳандис ва экспертлар, шунингдек, ўз стартапларини йўлга қўйган тадбиркорлар иштирок этди.
Улар сунъий интеллект, компьютер кўриши, автоном транспорт, дастурий таъминот, ахборот хавфсизлиги, финтех, ўйин яратиш, электрон тижорат ва булутли инфратузилма каби йўналишларда иш олиб бормоқда.
Тадбирнинг очиқ мулоқот қисмида эса Ўзбекистон рақамли иқтисодиётини ривожлантириш, сунъий интеллект, электрон ҳукумат, Enterprise Uzbekistan платформаси имкониятлари, визалар билан боғлиқ масалалар ва хориждаги ватандошларни Ўзбекистон билан профессионал ҳамкорликка жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Кореяда ишлаётган ўзбек мутахассисларининг маҳаллий муҳитга мослашуви ҳам эътибордан четда қолмади. Хусусан, корейс тилини яхшироқ ўзлаштириш, маҳаллий бизнес ва технологик муҳитга янада чуқурроқ интеграциялашиш бўйича фикрлар билдирилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА