Яроқлилик муддати кўрсатилмаган озиқ-овқатни реализация қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолини хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
– Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигига оид талабларни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни қайта кўриб чиқиш, ҳуқуқбузарликларни аниқ таснифлаш, маҳсулотни реализация қилганлик билан бир қаторда уни сотиш учун қабул қилганлик учун ҳам жавобгарлик белгилаш, такрорий ҳуқуқбузарликларга нисбатан кучайтирилган чораларни жорий этиш зарурати юзага келмоқда, - деди Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдукаримова. – Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга истеъмол муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги белгиланган озиқ-овқат маҳсулотларини уларни кўрсатмаган ҳолда реализация қилиш ҳамда сотиш учун қабул қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилишини назарда тутувчи тузатишлар киритилмоқда.

Жавобгарликни кучайтиришдан асосий мақсад – аҳоли саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўлган маҳсулотларни савдо айланмасидан барвақт чиқариш ва бундай ҳолатларнинг олдини олишдан иборат.
Сенаторлар маъқуллаган қонун фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилиши билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА