Ярмарка иш излаётган ёшлар учун жуда яхши имконият бўлди
Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида Сирдарё туманидаги «Ёшлар хиёбони»да бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Вилоят солиқ бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда 40 га яқин корхона ва ташкилот ўз вакансиялари билан иштирок этишди.
Ярмаркада ёшларга жами 660 та бўш иш ўрни таклиф қилиниб, улар меҳнат шароитлари, ишга қабул қилиш талаблари ва мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот олишди. Бу эса иштирокчиларга ўз қизиқиши ва қобилиятига мос иш ўринларини танлаш имконини берди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Суҳроб Тавбоев сўзга чиқиб, ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Шунингдек, ёшларнинг меҳнат фаолиятини бошлаши ва доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш борасида солиқ органлари томонидан зарур чоралар кўрилишини қайд этди.

Ярмаркада битирувчи ёшларнинг иштирокига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Улар корхона ва ташкилот вакиллари билан бевосита мулоқот қилиб, ишга жойлашиш шартлари, касбий талаблар ва меҳнат фаолиятига оид саволларига жавоб олишди. Бошқарма бошлиғи ёшлар билан самимий суҳбатлашиб, уларнинг муаммо ва таклифларини тинглади.

Маълум қилинишича, ҳудудда шу кунга қадар қарийб 50 нафар ёшнинг доимий бандлиги таъминланган. Мазкур ярмарка орқали эса яна 10 нафар ёш ишга жойлашди.

— Бу ярмарка мен каби иш излаётган ёшлар учун жуда яхши имконият бўлди. Ўзим қизиққан электр пайвандчилик йўналиши бўйича бўш иш ўрни борлигини кўриб, иш берувчи билан гаплашдим. Таклиф менга маъқул келди ва рози бўлдим. Энг қувонарлиси, энди иш излаб, у ёқдан бу ёққа югуришимга ҳожат қолмади, — дейди Жасур Мелиев.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири