Японлар саримсоқ пиёз етиштиради
Гулистон туманида Япония инвестицияси иштирокида қиймати 4 миллион АҚШ долларига тенг йирик агросаноат лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида саримсоқ пиёз етиштириш, уни замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш ва экспорт қилиш йўлга қўйилади. Энг муҳими, янги корхона қарийб 100 нафар маҳаллий аҳоли учун доимий иш ўрни яратиши кутилмоқда.
Мазкур истиқболли лойиҳа Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев ҳамда Япониянинг Аомоri nousan компанияси директори Cакане Татсуя бошчилигидаги делегация ўртасида бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, лойиҳа нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, балки уларни қайта ишлаш ва ташқи бозорларга чиқариш занжирини ҳам қамраб олади. Бу эса ҳудудда қўшимча қиймат яратиш, экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш имконини беради.
Учрашувда лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги, логистика имкониятлари, маҳсулотни экспортга йўналтириш ҳамда маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, томонлар ҳамкорликни узоқ муддатли ва барқарор асосда ривожлантириш юзасидан фикр алмашдилар.
Музокаралар якунида дастлабки келишувларга эришилиб, лойиҳани амалий босқичга олиб чиқиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Шундан сўнг, делегация аъзолари инвесторлар томонидан лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилаётган ҳудудларда бўлиб, ер майдонлари ва мавжуд инфратузилма имкониятлари билан танишишди.
Япониялик меҳмонларга маҳаллий деҳқонларнинг саримсоқ пиёз етиштириш бўйича тажрибаси, агротехник жараёнлар ва ҳосилдорлик имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ташриф давомида меҳмонларга ўзбек миллий қадриятлари ва меҳмондўстлик анъаналари ҳам намойиш этилди. Миллий куй-қўшиқлар, лапар ва фольклор чиқишлари япониялик инвесторларда илиқ таассурот қолдирди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири