Япониянинг машҳур университетлари
Бугунги кунда таълим соҳасида ҳамкорлик Ўзбекистон – Япония муносабатларининг асосий йўналишларидан бири сифатида қаралади. Талабалар алмашувлари дастурлари орқали икки мамлакат талаба ёшларининг ўзаро тажриба алмашинувлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда таълим соҳасида ҳамкорлик Ўзбекистон – Япония муносабатларининг асосий йўналишларидан бири сифатида қаралади. Талабалар алмашувлари дастурлари орқали икки мамлакат талаба ёшларининг ўзаро тажриба алмашинувлари амалга оширилмоқда.
Япония табиий ресурсларга бой давлат бўлмаса-да, дунё иқтисодиётида етакчи ва ривожланган давлатлар қаторида қайд этилади. Тараққиётнинг бу чўққисига таълим соҳасига қаратилган алоҳида эътибор сабаб эришилаётганини таъкидлаш жоиз. Қуйидаги мақола орқали Япониянинг бугуни ва келажаги учун истиқболли кадрлар етиштириб бераётган ана шундай таълим даргоҳлари билан танишасиз.
Токио университети
Мазкур илм даргоҳи бир асрдан буён Япониядаги энг нуфузли университет ҳисобланади. Таълим муассасаси дунё университетлари рейтингида 28-ўринда қайд этилади.
Ушбу олий ўқув юрти бешта кампусга эга. Бу ерда бутун дунёдан келган 30 мингдан зиёд талаба турли мутахассисликлари бўйича таҳсил олади. Бу ердаги кўплаб илмий-тадқиқот лабораториялари ва илмий марказлари ёш олимлар учун айни муддао.
Университет, айниқса, замонавий тиллар, механика, авиация ва ишлаб чиқариш муҳандислиги, анатомия ва физиология, фармацевтика ва фармакология, физика ва астрономия, ижтимоий сиёсат ва бошқарув соҳасида кадрлар етиштириб беришда пешқадам.
Kиото университети
Мазкур илм даргоҳи университетлар рейтингида иккинчи ўринни эгаллаган ва Токио олий таълим муассасасининг асосий рақобатчиси ҳисобланади. Бу ерда 22 мингдан зиёд талаба таҳсил олади. Талабалар бу ерда инглиз тилидаги барча академик даража дастурларини танлаш имконига эга.
Университет учта кампусдан иборат. Уларнинг бири аниқ фанлар бўйича илмий лаборатория ишлари билан машҳур Уйи кампуси, юқори технологиялар кампуси – Катсура ва кўп тармоқли Ёсида кампуси. Уларнинг ҳар бири еттита кичик кампусларга бўлинади. Уларда ҳуқуқ, иқтисодиёт, тиббиёт, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, педагогика ва бошқа соҳалар бўйича малакали мутахассислар тайёрланади. Университетнинг фан ва технологиялардаги таълим услуби, шунингдек, самарали тадқиқотлари турли халқаро мукофотларга сазовор бўлган.
Токио технологиялар институти
Техника йўналишида таҳсил олиб, доимий иш ўринларида банд бўлган японияликларнинг аксарияти ушбу муассаса талабалари бўлишган. Қолаверса, ушбу олий ўқув юрти талабалар орасида энг оммабопи ҳисобланади. Институтда аниқ фанлардан ва муҳандисликнинг барча турларидан тортиб, компьютер саводхонлигигача таълим олиш мумкин.
Япониядаги энг йирик илмий-техника кутубхонаси ҳам айни институтда жойлашган. Ўқув юртининг кампус ва лабораториялари сўнгги технологиялар билан жиҳозланган. Бу талабаларнинг олий даражада билим олишига имкон беради.
Осака университети
Энг кўп хорижлик талабалар ушбу университетда таҳсил олади. Буни талабалар учун инглиз тилида дастурларнинг кенг қўлланилиши билан изоҳлаш мумкин.
Японияда илмий-техникавий таълим бериш борасида етакчилик қилаётган университетларнинг бири ҳисобланган Осака назария ва амалиётни уйғунлаштирган ҳолда олиб бориши билан ном қозонган. Ўқув даргоҳининг талабалари университет лабораториялари ва студияларида турли амалиётлар ўташи сабабли ўқув жараёниданоқ амалий иш тажрибасига эга бўлади.
Мазкур университет тиббиёт соҳасидаги энг етук мутахассисларни тайёрлаши билан ҳам машҳур. Бўлажак шифокорлар университет госпиталида кенг амалиёт ўтайди. Шу билан бирга, ўқув жараёни тиббий ихтиролар билан мустаҳкамланиб борилади. Мазкур университет микробли касалликларни тадқиқ қилиш натижалари бўйича турли халқаро мукофотларга сазовор бўлган.
Тохоку университети
Ушбу таълим маскани давлат томонидан халқаро таълимни ривожлантириш учун танлаб олинган Япония университетларининг бири ҳисобланади. Бу мақом ўқув юртининг байналмилал масканга айланишига имкон яратди. Натижада инглиз тилли дастурлар сони кўпайди, университетнинг глобал тажрибаларга таяниши ҳамда халқаро кадрлар алмашинуви кенгайди.
Мазкур олий ўқув юрти бир нечта кампус ва кўплаб факультетлардан иборат. Турли фанлар бўйича етук мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган. Санъат, ҳуқуқ, иқтисодиёт ва менежмент, стоматология, муҳандислик ва қишлоқ хўжалиги каби ўнлаб йўналишларда кадрлар тайёрланади. Шунингдек, университетнинг илмий-тадқиқот имкониятлари, эришилган ютуқлар бир неча бор миллий ва халқаро миқёсда эътироф этилган.