Японияда 100 ёшдан ошган аҳоли сони илк бор 100 000 дан ошди
Япония Соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазирлиги 15 сентябрь – Кексаларни эъзозлаш куни муносабати билан мамлакатдаги демографик ҳолатга оид янги маълумот эълон қилди.
Кун чиқар юртда 100 ёшдан ошган фуқаролар сони кетма-кет 56 йилдан бери ўсиб келяпти. Жорий йил сентябрь ойи ҳолатига кўра, тарихда илк бор 100 000 лик марра ортда қолди ва тўлиқ бир аср ҳаёт кечирганлар 107 677 кишига етди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 7 914 нафар кўп.
Юз ёшлиларнинг 94 298 нафари аёл. Ҳозир мамлакатнинг энг ёши улуғ аёли 114 ёшли Фуйо Кишимото, энг кекса эркаги эса 112 ёшли Хикару Като.
Япония 100 ёшли аҳоли ҳисобини 1963 йилдан бери юритиб келади: 1981 йил 1 000, 1998 йил 10 000, 2012 йил 50 000 лик довондан ошилган. Бу давлатда ўртача умр кўриш давомийлиги аёллар учун 87.3, эркаклар учун 81.3 ёшни ташкил этмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА