Греция оролларини сув босди
Грециянинг бир неча минтақасида кучли ёмғир ва момақалдироқ аҳоли ҳаётини издан чиқарди. Родос оролида дарё тошиб, кўчаларни сув босди, машиналар оқди, савдо дўконларига зарар етди. Архангелос ҳудуди энг кўп талафот кўрган жойлардан бири бўлди.
Хавфсизлик чораси доирасида Архангелос ва Афанду ҳудудларида мактаблар вақтинча ёпилди. Фавқулодда хизматлар йўлларни тозалаш, оқимда қолган автомобилларни олиб чиқиш ва ҳаракатни тиклашга киришган. Аҳолига 112 қисқа рақами орқали огоҳлантириш юборилиб, заруратсиз кўчага чиқмаслик тавсия этилди.
Калимнос оролида ҳам кучли ёғингарчилик оқибатида тоғ ён-бағридан улкан харсанг узилиб тушиб, бино томи остидаги машинани шикастлаган. Метеорологлар мамлакатнинг ғарбий қисми ҳамда Эгей денгизи шарқий оролларида табиат инжиқлиги давом этишини тахмин қилган. Чоршанба кунидан об-ҳаво меъёрига тушиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА