Япония компаниялари Ўзбекистон уй-жой бошқарувига сармоя киритишга қизиқмоқда
Ўзбекистонда кўп қаватли уй-жой фондини бошқариш тизимини такомиллаштириш, замонавий сервис хизматларини жорий этиш ҳамда соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича ишлар изчил давом этмоқда. Бу борада Япониянинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган музокаралар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу муносабат билан қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева Япониянинг Agnostri, Hamaya, Aria Investment Trust, Serious Pro Support, Granasset ҳамда Global Silk Road компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда кўп қаватли уйларни бошқариш тизимини ривожлантириш, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, бошқарув компаниялари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда аҳоли учун замонавий сервис хизматларини кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда қайд этилганидек, япон инвесторлари бугунги кунда аҳоли розилиги асосида Хоразм вилоятидаги 50 га яқин бошқарувсиз кўп қаватли уйга хизмат кўрсатиш, уларни комплекс капитал таъмирлаш ҳамда замонавий бошқарув ва сервис тизимини жорий этиш бўйича амалий ишларни бошлаб юборган.

Шунингдек, Япония компаниялари вакиллари Тошкент шаҳридаги бошқарувсиз кўп қаватли уйларни бошқарувга олиш, уй-жой фондини бошқаришда Япониянинг илғор тажрибаси, рақамли бошқарув технологиялари, замонавий техник ечимлар ва юқори сифатли сервис хизматларини жорий этиш юзасидан ўз таклифларини билдирди.
Озода Жўраева таъкидлаганидек, Япония компанияларининг Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдириши мамлакатимизда кўп қаватли уйларни бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилаётганини англатади.
– Инвестициялар, илғор технологиялар ва юқори сифатли сервис хизматларини жалб қилиш орқали соҳанинг рақобатбардошлигини янада оширишни мақсад қилганмиз, – деди О.Жўраева. – Музокаралар чоғида хорижий бошқарув компанияларининг мамлакатимизда фаолият юритиш тартиби, кўп қаватли уйларни бошқарувга бириктириш механизмлари, бошқарув ташкилотлари фаолиятига қўйиладиган талаблар ҳам муҳокама қилинди.

Томонлар кўп қаватли уй-жой фондини бошқариш соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди.
Сўнгги йилларда кўп қаватли уйларни бошқариш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳага хорижий инвесторлар қизиқишини кучайтирмоқда. Япония каби технология ва бошқарув маданияти юқори даражада ривожланган давлат компанияларининг ушбу бозорга кириб келиши нафақат инвестициялар ҳажмини оширади, балки уй-жой фондини бошқаришда янги ёндашувлар, рақамли ечимлар ва аҳоли учун сифатли сервис хизматларини кенг жорий этишга хизмат қилиши кутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг коммунал хизматлардан қониқиш даражасини ошириш ва уй-жой инфратузилмасини янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА