Япон қўғирчоқлари кўргазмаси очилди
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида япон қўғирчоқлари кўргазмаси очилди.
Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройи ва Ўзбекистон-Япония маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазмага япон маданиятига бефарқ бўлмаган ёзувчи, санъатшунос ва талабалар ташриф буюрди.
Кўргазмада намойиш этилган қўғирчоқлар чеҳрасида камтаринлик, ҳокисорлик ва меҳрибонлик ҳарактерлари балқиб турибди.

Японияни “ўн минг қўғирчоқли мамлакат”, деб ҳам аташади. Қадимдан қўғирчоқлар эгасини бало-қазолардан сақлайдиган ёки унга омад ва завқ келтирадиган тумор каби ардоқланган.
Япон анъанавий қўғирчоқлари “нингё” дейилади. Бу қўғирчоқларни болалар ўйнай олмайди, жуда катта.
Бундай қўғирчоқлар бутун оламни ўзига мужассамлаштирганки, эстетика, дин ва ҳаттоки, тасаввуфни ҳам ўз ичига олган, шунинг учун ҳам Японияда ҳайратланарли бўлса-да, қўғирчоқларнинг катта қисми катталарга мўлжалланган.

Ҳозирги кунда эса япон қўғирчоқлари кўпчилиги қадимий тасаввуф руҳини йўқотган ва нафис санъат буюмларига айланган.
Кўргазмада намойиш қилинаётган қўғирчоқларнинг ҳар бири маълум тарихга эга. Уларнинг гўзал ва нафислиги томошабинни ўзига жалб қилади.
Японияда таниқли бўлган ва севиб-ардоқланадиган 100 га яқин қўғирчоқлар намойиш этилаётган мазкур кўргазма жорий йилнинг 1 декабрига қадар давом этади.
Д. Маматова, ЎзА