Янгиободликларнинг ғалабаси
Сайхунобод туманида ғалла ўрим-йиғим мавсуми уюшқоқлик ва юксак меҳнат суръатларида давом этмоқда. Мавсумнинг дастлабки кунлариданоқ самарали меҳнат қилаётган Янгиобод қишлоқ хўжалиги ҳудудидаги фермер хўжаликлар муҳим натижага эришиб, туманда биринчи бўлиб давлатга ғалла топшириш бўйича белгиланган режани тўлиқ бажарди.
Ҳудуддаги 65 нафар фермер ҳар гектар майдондан ўртача 80–85 центнердан ҳосил олиб, белгиланган режани ортиғи билан бажарди. Натижада давлат хариди учун белгиланган 6 минг тонна ғалла режаси тўлиқ адо этилиб, мўл хирмон барпо этилди. Бу ютуқ фермерларнинг фидокорона меҳнати, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириши, шунингдек, ердан унумли фойдаланиш борасидаги бой тажрибаси самараси бўлди.
Мазкур муваффақият муносабати билан ташкил этилган учрашувда туман ҳокими фермерларнинг самарали меҳнати ва мавсумни юқори натижалар билан якунлаганини алоҳида қайд этиб, уларнинг аграр соҳани ривожлантириш ҳамда давлат хариди режаларини бажаришдаги ҳиссасини юксак баҳолади.

– Янгиобод қишлоқ хўжалиги ҳудудидаги фермерларнинг бугунги ютуғи — ерга меҳр, ҳалол меҳнат ва юксак масъулиятнинг ёрқин самарасидир. Бу каби натижалар нафақат туманимизда ғаллачилик соҳасини янада ривожлантиришга, балки аҳоли фаровонлиги ва мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшади, – деди туман ҳокими Комилжон Муллажонов.
Шундан сўнг ғалла ўрим-йиғим мавсумида юқори натижаларга эришган илғор фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшаётган хўжалик ишчилари тақдирланишди.

Эътиборли жиҳати, сайхунободлик миришкорлар жорий йилда 10 минг гектар майдонга буғдой экиб, мўл ҳосил етиштиришди. Бунинг учун мавсум давомида агротехник тадбирлар белгиланган муддатларда ва сифатли амалга оширилиб, ўрим-йиғим мавсумига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилди.
Ғалла ўрим-йиғим ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида туманда 20 та махсус отряд шакллантирилди. Улар таркибига 40 та замонавий ғалла ўриш комбайни, 110 та юк ташиш техникаси, шунингдек, юзлаб тажрибали механизаторлар ва ишчи-ходимлар жалб этилди. Бу эса ҳосилни қисқа муддатларда нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш ҳамда давлат хариди режаларини ўз вақтида бажариш имконини бермоқда.

Янгиободликларнинг бугунги муваффақияти ана шу пухта тайёргарлик, агротехник талабларга қатъий амал қилингани ва миришкорларнинг фидокорона меҳнатининг амалий самарасидир.
Айни пайтда туман далаларида ғалла ўрим-йиғим ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Ғаллакорлар мўл ҳосилни йиғиштириб олиш ва мавсумни юқори натижалар билан якунлаш йўлида астойдил меҳнат қилишмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири