«Янгиобод» бозори янгиланади
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, Тошкентдаги “Янгиобод” бозорини янгилаш ишлари режалаштирилмоқда. Бунда бозорнинг одатий ихтисослашуви ва ўзига хос муҳити сақлаб қолиниб, ҳудуддаги шароитларни яхшилаш кўзда тутилган.
Шаҳар жамоат инфратузилмасини янгилаш, аҳоли учун унинг очиқлиги, хавфсизлиги ва қулайлигини ошириш борасида изчил иш олиб борилмоқда. Бу ишлар дастлаб маҳаллалар, пиёдалар йўлаклари ва бошқа жамоат жойларини ободонлаштиришдан бошланган бўлиб, бугунги кунда шаҳар бозорларини ҳам қамраб олган.
Ана шундай объектлардан бири «Янгиобод» бозоридир. Қайд этилишича, унинг одатий қиёфасини ўзгартириш ёки уни бошқа форматдаги бозорга айлантириш мақсад қилинмаяпти. Асосий мақсад «Янгиобод»ни шу ерда ишлайдиганлар ва ташриф буюрувчилар учун қулайроқ, хавфсизроқ ва шинамроқ қилиш.

Жумладан, ҳудудни ободонлаштириш, санитария шароитлари, хавфсизлик, зарур инфратузилма, қулай ўтиш йўлаклари ва автотураргоҳни янгилаш ишлари олиб борилади. Яъни, ҳар қандай замонавий шаҳар бозорида бўлиши шарт бўлган оддий шароитлар қилинади.
Шу билан бирга, «Янгиобод»да ишлаётган сотувчилар ўз савдо ўринларини сақлаб қолади. Бозорнинг одатий ихтисослашуви ва энг муҳими, унинг ўзига хос муҳити ҳам сақланиб қолади. Ҳозирда шаҳар лойиҳачилар билан биргаликда «Янгиобод»ни янгилаш концепциясини ишлаб чиқмоқда.
Қайд этилганидек, бу шунчаки қоғозда яратилган лойиҳа эмас, балки ушбу бозорда ҳақиқатан ҳам муҳим бўлган инсонларнинг фикри инобатга олинган ечим бўлиши муҳим. Шу боис лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилади. Ҳар бир инсон таклиф этилаётган ўзгаришлар билан танишиши, ўз фикрини билдириши, саволлар бериши ва таклифлар киритиши мумкин бўлади.
Шаҳарнинг принципиал вазифаси — одамлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, «Янгиобод»нинг ўзига хос қиёфаси ва муҳитини сақлаб қолиб, айни вақтда янада хавфсиз, қулай ва замонавий муҳит яратишдан иборат.
Г.Бобоева, ЎзА