Ўзбекистоннинг 35 йиллик шонли тарихи намойиши (+видео)
Ўзбекистон 35 йиллик қисқа ва шарафли йўлни босиб ўтди. Асрларга татигулик ислоҳотлар, одамлар ҳаётидаги ўзгаришлар, халқаро майдонда ўз номи, шуҳрати ва ўз сўзига эга бўлган давлат сифатида тарих зарварақларига муҳрланди. Энг муҳими, халқнинг мустақил мамлакатга бўлган ишончи ортди. Эзгу мақсад йўлида барча бирлашди. Ҳар йили минглаб янги иншоотлар, йўллар, обод масканлар қурилиб фойдаланишга топширилмоқда. Спортда, илм-фанда, маданият ва туризмда, жамият қурилишида катта ютуқлар қўлга киритилмоқда. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги жамоаси ана шу ютуқлар ва ғалабаларни кенг жамоатчиликка фотосуратлар орқали кўрсатишни мақсад қилди.
Тошкент “Фотосуратлар уйи”да Ўзбекистонда босиб ўтилган шонли тарих маҳоратли фотосуратчилар асарлари орқали кенг жамоатчиликка, устоз ижодкорларга, турли давлат элчиларига, умуман фото ихлосмандларига намойиш қилинди. Шу куни Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ҳам ўзининг энг сара фотосуратларини тақдим этди. Айтиш керакки, ҳар бир фотосурат чуқур маънога эга бўлиб, тарихий ютуқларимиздан сўзлаб беради.
Анъанавий ўтказиб келинаётган ушбу тадбирнинг бу йилги намойиши “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва янги келажакни биргаликда барпо этамиз!” бош ғоясига қурилган. Унда мамлакатимиз тарихи ва бугунги тараққиёт босқичини ёритувчи 200 дан ортиқ фотосурат намойиш этилди. Экспозициянинг муҳим қисмини Ўзбекистон кино, фото ва фано ҳужжатлари миллий архиви фондларида сақланаётган ва мустақилликнинг илк йиллари, муҳим давлат тадбирлари, жамият ҳаёти ҳамда Ўзбекистоннинг тарихий шаклланиши босқичини акс эттирувчи архив фотосуратлар ташкил этди.
Тақдим этилган архив фотоҳужжатлари нафақат мамлакат ҳаётидаги муҳим воқеалар хотирасини сақлайди, балки ўтмиш ва бугунни боғловчи бебаҳо тарихий манба сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Кўргазма 6-сентябрга қадар давом этади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/3YutXx4gSn0" title="O‘zbekistonning 35 yillik shonli tarixi namoyishi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар ТошпўлатовНишонбой Абдувойитов
Салимжон Обиджонов, ЎзА