Янгиликлар солиқ тўловчиларга етказилмоқда
Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, ушбу қонун билан Солиқ кодексининг 46 моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу янгиликларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси томонидан амалий семинар ташкил этилди.
Семинарда соҳа масъуллари ва тадбиркорлар иштирок этди.
Таъкидландики, халқаро молия институтларидан жалб қилинадиган давлат ташқи қарзи ҳисобидан амалга ошириладиган бюджет ташкилотларининг лойиҳалари, шунингдек, давлат корхоналари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахсларнинг инфратузилма лойиҳалари доирасида товарларни реализaция қилиш ва уларнинг импорти 2024 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар ҚҚСдан озод қилинмоқда.
Олдин бу солиқ имтиёзи 2020 йилнинг 1 июлига қадар Халқаро молия институтлари ва хорижий хукумат молия ташкилотлари директорлари кенгаши томонидан маъқулланган лойиҳалар бўйича ушбу лойиҳаларни амалга ошириш муддати тугагунга қадар амал қилар эди.
2024 йилнинг 1 апрелидан дори воситалари, шунингдек, ветеринария дори воситалари, тиббий ва ветеринария хизматлари бўйича ҚҚС бўйича берилган имтиёзлар бекор қилинади.
Бунда “Ижтимоий реестр”га киритилган фуқароларга ҚҚС суммаси (12 фоиз)ни “кэшбек” сифатида қайтариш механизми яратилади.
– Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича ҳар ой бўнак тўловларини тўлаши лозим бўлган тадбиркорлар даромадининг чегаравий миқдори 5 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга оширилмоқда. Бу билан Солиқ кодексининг 483-моддасига ўзгартириш киритилди, – дейди Солиқ қўмитасининг бошқарма бошлиғи Комил Саидов. – Мол-мулк солиғининг асосий ставкасини (1,5 фоиз) сақлаб қолган ҳолда, солиқ базасини аниқлашда 1 квадрат метр учун ўрнатилган минимал қиймат вилоят марказлари учун – 2 миллион сўм (амалда 1,5 миллион сўм), бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойлар учун – 1,2 миллион сўм (амалда 1 миллион сўм) миқдорида белгиланмоқда.
[gallery-15531]
Шунингдек, семинарда қонунчиликдаги бошқа янгиликлар бўйича ҳам батафсил маълумотлар берилди. Солиқ тўловчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари