Янгиланиб бораётган кўҳна ва боқий Бухоро
Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий жабҳаларни эркинлаштириш, инсон қадрини улуғлаш ҳамда одамларнинг фаровон яшаши учун муносиб шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бухоро вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, аҳоли даромадларини ошириш, ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган солиқ ислоҳоти, очиқ ва жамоатчилик таклифларини инобатга олган ҳолда давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш, давлат корхоналарини босқичма-босқич хусусийлаштириш ҳамда ресурсларни тақсимлаш тизимида бозор механизмларини жорий этиш борасидаги чора-тадбирлар бугун ўз самарасини бермоқда. Бухоро вилоятига келган кишининг ўзгаришлар ва бунёдкорлик ишларидан кўнгли яйрайди. Янги Ўзбекистоннинг нафасини ҳис этади.
Дарҳақиқат, бугун шаҳар ва туманлар янада обод ва кўркам масканларга, чинакам ислоҳотлар майдонига айланган. Президентимизнинг вилоятга ташрифи чоғида амалга ошириладиган ҳар бир ислоҳот, аввало, инсон қадр-қиммати, шаънини янада юксалтиришга хизмат қилаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бугун жойларда кенг кўламда қулоч ёзиб, халқ розилиги йўлида амалга оширилаётган ишлар оддий одамлар ҳаётида ўз аксини кўрсатмоқда.
Вилоятда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 105,3 фоизга ўсган. Қурилиш ишлари ҳажмининг ўсиш суръати 105,1 фоиз,хизмат кўрсатиш кўрсаткичи 109,1 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 104,2 фоизга ўсган.
Президентимиз ташаббуси билан юртимизда халқаро ҳамкорлар билан биргаликда анъанавий ва муқобил энергия станцияларини қуришга катта эътибор қаратилмоқда. Буни Бухоро вилоятида Саудия Арабистони Қироллигининг “ACWA POWER” хорижий компанияси сармояси асосида амалга оширилаётган лойиҳалар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Вилоятнинг Пешку ва Ғиждувон туманларида Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган иккита шамол электр станцияси қурилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида “Envision” компаниясининг (Хитой) биринчи 6,5 МВт қувватли турбинаси ўрнатилди. Турбина минорасининг баландлиги 100 метр, шамол парракларининг ҳар бири эса 84 метрни ташкил қилади. Ушбу йирик лойиҳа доирасида жами 158 ана шундай шамол турбиналари ўрнатилади.Мутасаддиларнинг таъкидлашича, шамол электр станцияси 2025 йилда тўлиқ ишга тушади. Объектнинг фойдаланишга топширилиши натижасида умумий қуввати 500 МВт бўлган 79 шамол трубиналари ўрнатиш орқали йилига 1,8 миллиард кВт/соатгача электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу Бухоро вилоятидаги аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари электр энергияси истеъмолининг 42 фоизни қоплайди.Шу билан бирга шамол электр станциясининг ишга туширилиши натижасида йилига 550 миллион куб метр табиий газ тежалади, атмосферага 500 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади. Ушбу лойиҳа тармоқнинг илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини мустаҳкамлаш, минглаб хонадонлар ва янги корхоналарни “яшил” энергия билан таъминлаш имконини беради. Мазкур инвестиция лойиҳаси юртдошларимиз турмуш даражасини ошириш, улар учун янада қулай шароитлар яратиш, фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида Президентимиз олиб бораётган сиёсатнинг узвий давоми, Бухоро вилоятида янги саноат даврини яратиш йўлидаги йирик қадамлардан биридир.
Қоровулбозор туманида Хитой Халқ Республикасининг “China Gezhouba Group Overseas Investment Co. Ltd.” компанияси томонидан қиймати 400 миллион долларга тенг бўлган қуввати 500 МВтли қуёш фотоэлектр станцияси қурилмоқда.Лойиҳани амалга ошириш мақсадида Қоровулбозор ҳудудидан 996 гектар ер майдонлари танлаб олинган. Лойиҳа 2024 сентябрида тўлиқ қувватда иш бошлайди. Жорий йил якунигача дастлабки 200 мегаватт қувватлар ишга туширилади. Бу станция тўлиқ қувватда ишласа йилига 1,3 миллиард киловатт-соат электр ишлаб чиқаради.
Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, Бухоро вилоятида энергетика саноатини янада ривожлантириш учун 2 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобидан 1 та газ-поршенли электр станцияси, 2 та шамол ва 2 та фотоэлектр станциясини қуриш режалаштирилган.
Бухоро вилояти “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонасининг Когон тумани ҳудудидаги “Сиёвуш Текстиль Бухоро” МЧЖ да қиймати 36 миллион долларга тенг, йиллик қуввати 40 минг тонна акрил ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга тушди.
Лойиҳа ишга туширилиши натижасида вилоятда сифатли акрил ип-калава маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу орқали эса вилоятнинг экспорт кўрсаткичлари учун қўшимча 6 миллион долларлик захира базаси яратилди. 4,5 миллиард сўмлик бюджетга қўшимча тушумлар тушиши таъминланади. Корхонада 1200 дан ортиқ доимий иш ўрни яратилди. Шунингдек, акрил ип-калава ҳамда ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ маҳаллийлаштирилади. Айни пайтда хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда кейинги босқичда корхона фаолиятини янада кенгайтириш устида иш олиб борилмоқда.
Когон тумани “Туткунда” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Bukhara Gold Granit” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилишда фойдаланиладиган гранит маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.Лойиҳанинг умумий қиймати уч миллион АҚШ доллари бўлиб, унинг 1,5 миллион доллари ташаббускорнинг ўз маблағи ҳисобланади. 1,5 миллион доллари эса “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки Бухоро минтақавий филиали томонидан ажратилган.
Гранитларга Туркиядан олиб келинган замонавий техникалар билан ишлов берилади. Ишчи-ходимлар туркиялик мутахассислардан мазкур техникалардан фойдаланиш сирларини ўрганмоқда. Ишлаб чиқараётган гранит маҳсулотининг умумий ҳажми 120 минг квадрат метрга етади. Замонавий хориж дастгоҳлари ёрдамида ишлаб чиқарилаётган тайёр материаллар, аввало, вилоятда барпо этилаётган қурилиш иншоотларига етказиб берилади. Маҳаллий эҳтиёждан ортиқ қисми хорижга экспорт қилинади.
Туризм – асосий даромад манбаи
Кўҳна ва боқий Бухоронинг туризм салоҳиятини янада юксалтириш, хорижий сайёҳлар оқимини ошириш, туристик йўналишларни кўпайтириш, янги меҳмонхона ва меҳмон уйларини ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ва сервис хизматларини такомиллаштириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Буни янгиланиб бораётган кўҳна ва боқий Бухорога келаётган сайёҳлар оқими йилдан йилга ошаётганида кўриш мумкин. 2021 йилда хорижий сайёҳлар сони 30 минг 800 нафарни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсатгич 550 минг нафарга етган. Жорий йилнинг дастлабки чорагида боқий Бухорони кўриш истагида келган чет эллик сайёҳлар сони 400 мингтага етган.
Кўҳна ва боқий Бухоро ўзига хос жозибаси билан меҳмонларни мафтун этади. Саёҳат қилиш учун интернетдан излаб, айнан Бухорони танлаётган чет эллик сайёҳлар кундан-кунга ортиб бормоқда. Негаки, кўп минг йиллик бу тарихий эврилишлар даврини босиб ўтган шаҳарнинг такрорланмас меъморий обидаларида ўзгача сеҳр, маҳобат бор. Лаби ҳовуз, Арк қўрғони, Нодир девонбеги мадрасаси, Сомонийлар мақбараси, яна бошқа обидалар дизайни, шарқона гўзаллиги билан ажралиб туради.
Маҳаллий сайёҳлар мисолида олсак, 2021 йилда 1 миллион 405 минг, 2022 йилда 2 миллион 700 мингдан ортиқ меҳмон Бухорога ташриф буюрган. Қадим анъана ва урф-одатлар, тарихий аҳамиятга эга меъморий обида ва иншоотларга қизиқиб саёҳат уюштирган. Жорий йилнинг апрель ҳолатида эса бу кўрсатгич 1 миллион 200 минг кишини ташкил этган.
Маълумот учун вилоятга ташриф буюрган хорижлик сайёҳларнинг 58 фоизи Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари, 21 фоизи Кўҳна Қитъа –Европа давлатлари, 17 фоизи Осиё мамлакатлари, 4 фоизи Америка қитъаси ва бошқа юртлар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Жорий йил якунига қадар қадимий ва ҳамиша навқирон, боқий Бухорога 1 миллион 200 мингдан ортиқ хорижий, 3 миллионга яқин маҳаллий сайёҳнинг ташрифи кутилмоқда. Ўрганишлардан маълум бўлишича, сайёҳларнинг Бухорода бўлиш даври ўртача 3,5-4 кунни ташкил этмоқда. Уларнинг кунлик харажати эса хорижлик меҳмонларда 250 АҚШ долларини, маҳаллий сайёҳларда эса ўртача 350 минг сўм ҳисобида экан. Бу кўрсаткич иқтисодий жиҳатдан айни кунда вилоятда туризм йўналишлари сафини кенгайтириш орқали меҳмонларнинг шаҳарда қолиш муддатини узайтириш чораларини кўришни тақозо этмоқда. Кўҳна ва боқий Бухоронинг иқтисодиёти ўсиши учун хизмат қиладиган асосий йўналишлардан бири бу хизматлар кўрсатиш сервис соҳаси ҳисобланади. Бухоро шаҳрига 2022 йилда 3,5 миллион маҳаллий ва хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, жорий йил якунига қадар бу кўрсаткични 5 миллиондан ошириш кутилмоқда. Бундан кўриниб турибдики, ҳудуд сайёҳлик салоҳияти ҳам ортиб бормоқда.
Соҳа мутасаддиларининг таъкидлашича, навбатдаги муҳим вазифа сайёҳлар, маҳаллий меҳмонларнинг қадим шаҳарда бўлишлари муддатини чўзиш ҳисобланади. Бунинг учун уларга намунали хизмат кўрсатиш сифатини юқори даражага кўтариш зарур. Бу борада кейинги йилларда тармоқ фаолиятига бевосита дахлдор ташкилот ҳамда идоралар зиммасига бир қатор вазифалар юклатилди.
Туризм тармоғини такомиллаштириш хусусида гап борганда, ўтган йили сентябрь ойида Давлат раҳбари бошчилигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сайёҳлик тизимини тубдан яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар қаторида мутасаддиларга мамлакатимиздаги 1 минг 200 дан зиёд зиёратгоҳлар имкониятларини тўлиқ ишга солиб, йилига камида 1 миллион нафар сайёҳни жалб қилиш дастурини тасдиқлашга кўрсатма берилганини эътироф этиш жоиз. Унда таъкидланганидек, юртимизга зиёратга келаётган туристларнинг мазҳаби, тариқати, ёндашуви ҳар хиллигини инобатга олиб, қайси дин ёки мазҳаб вакилларига қандай таом, овқатлар таклиф қилишни, меҳмонхона ва ибодат жойларини қандай жиҳозлашни илмий ёндашувларсиз қилиб бўлмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Муқаддас жойлар, авлиё ва пирлар ҳақида батафсил маълумот бера оладиган мутахассислар ҳамда гидлар тайёрлаш ҳам муҳимлиги айтилган. Шу муносабат билан Ислом академияси, “Ипак йўли” университетига муддатда зиёрат туризми оқими кўп бўлган давлатлар учун илмий асосланган ёндашувларни ишлаб чиқиш топширилган.
Бухорода сайёҳлик оқимини кўпайтиришга хизмат қилувчи муҳим омиллардан бири бу гастрономик туризмдир. Бу йўналишда Бухоро тажрибаси асосида 50 та том қисмида алоҳида миллий ва шарқона кўринишда таъмирланган ресторан ҳамда кафетерий кўринишидаги гастрономик иншоотлар ташкил этилмоқда. Бу 500 тага яқин янги иш ўрни яратиш имконини беради.Бугунги кунда Бухоро тажрибаси асосида жойларда 54 очиқ терраса ташкил этилди. 1350янги иш ўрни яратилиб, меҳмонларга юқори даражада гастрономик хизмат кўрсатиш бошланди. 2023 йил якунига қадар туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида қадим шаҳарда яна 15 меҳмонхона, 20 оилавий меҳмон уйи, 10 хостел ишга туширилади. Уларнинг барчасида очиқ терраса, ресторан ва кафетерийлар ташкил этиш ҳисобидан 4200 янги ишчи ўрни яратиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, Бухоро шаҳрининг салоҳияти ва мавжуд имкониятидан фойдаланган ҳолда яна 8 марказий кўчада жойлашган ташкилотларнинг 50 тага яқин замонавий дизайндаги бинолари биринчи қаватида юздан зиёд ресторан ва кафетерий, сервис жойларини ташкил этиш имконияти ўрганилмоқда.
Таҳлилларга кўра, йўл бўйларида жойлашган 4 мингга яқин маъмурий бинодан сервис соҳасида самарали фойдаланиш, 8 марказий кўчадаги иншоотнинг том қисмида юздан ортиқ кафетерий ва ресторан барпо этиб фойдаланишга топшириш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Ҳудудда жорий йилда хорижий ва маҳаллий сайёҳларга доимий хизмат кўрсатадиган ресторанларнинг сони 81 тани ташкил этади. Айниқса, бино-иншоотлар том қисмларида террасалар фаолиятини кенгайтириш орқали хизматлар сифати ва ҳажмини кенгайтириб, қадим шаҳар бўйича 2021-2022 йилларда ҳудудий инвестиция дастурлари ҳамда ташаббускор тадбиркорлар томонидан 54 терраса ташкил этилади. Бир вақтнинг ўзида 2788 нафар мижозга хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Асосийси, янгича йўналиш дея эътироф этилаётган бу лойиҳа маҳаллий ва хорижий сайёҳларда бирдек қизиқиш уйғотмоқда.
Бухоро вилояти ишсизликдан холи ҳудуд бўлади
Вилоятда 2023 йилнинг 1 январь ҳолатида 2 миллион 24минг нафар аҳоли бўлиб, меҳнат ресурслари 1 миллион 93минг кишини ташкил этади. Шундан, иш билан банд аҳоли 784,5минг, ишсизлар 76,2 минг киши. 2023 йилда 250 мингта, (шундан, 101,1 минг доимий) 1-ярим йилликда 108 мингта иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида 264,2 мингта (шундан, 107,4 мингта доимий) иш ўринлари яратилиб, дастур ижросиортиғи билан бажарилди.
Вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида тўртта туман ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилди. Жами вилоят бўйича 472 (умумий маҳалла сонига нисбатан 86 фоиз) маҳалла ишсизликдан холи маҳалла тоифасига ўтказилди. Йил якунига қадар вилоятни ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланишига эришилади. Вилоятда “20 минг тадбиркорга 500 минг малакали ишчи”ни бириктириш дастурига асосан 735 салоҳиятли тадбиркорларга 24,7 минг нафар ишсизлар бириктирилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу тадбиркорларга берилган имтиёзлар ҳисобидан 30,7 миллиард сўм маблағ қолади.
Жорий йил 1 июль ҳолатида 40,4 мингта оилаларнинг даромади 2,4 миллион сўмдан ўртача 3,3 миллион сўмга ортди. 2023 йил якунига қадар камбағаллик даражаси 11,2 фоиздан 10 фоизга пасайтирилади. Шунингдек, камида 58мингта камбағал хонадонларнинг даромади яна кўтарилади. 1- ва 2-тоифадаги даромади кам ҳамда қўшимча даромад топиш истагида бўлган хонадонлар сони 268,4 мингтадан 195 мингтага камайтирилади.
Президентимиз ташаббуси билан вилоятнинг Қоракўл туманида IТ-кластер фаолияти йўлга қўйилди. Бу айни пайтда янгича ёндашув асосида ишларни ташкил этишга хизмат қилмоқда.Маълумотларга кўра, тез фурсат ичида туманда ахборот-коммуникация технологиялари йўналишлари бўйича таълим бериш ва IТ -хизматлар экспортига ихтисослаштирилган Қоракўл IT-кластери фаолият бошлайди.Қоракўл таълим тажрибаси бугун хорижнинг бир қатор нуфузли олийгоҳларининг эътиборига сазовор бўлмоқда. Хусусан, туман ёшларининг аниқ фанлар бўйича қўлга киритаётган ютуқларини кўпчилик алоҳида эътироф этяпти. Давлат раҳбари ташаббуси эса бу борадаги ишларни янги босқичга чиқаришга хизмат қилади.
IТ– кластер доирасида туманда бир қатор янги иншоотлар қад ростлайди. Хусусан, замонавий инфратузилма яратилади. Лабораториялар ва илмий-тадқиқот марказларига эга университет фаолияти йўлга қўйилади. Масофавий IТ -хизматлар экспорти маркази, илмий-тадқиқот марказлари, ўқув лабораториялари ва стартап лойиҳаларни ривожлантириш инкубация маркази бунёд этилади. Бу ҳам мамлакатимиз ёшлари учун таълим тизимида катта имкониятлар эшигини очади.
[gallery-13067]
Ҳиндистоннинг нуфузли Ачарья олийгоҳи билан биргаликда биринчи босқичда 2023 йил 31 декабргача маъмурий бино, ўқув лабораторияси ва 5 600 ўринга мўлжалланган ўқув бинолари қурилади. Иккинчи босқичда 2024 йил 1 сентябргача 1 300 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи, 15 ўринга мўлжалланган меҳмонхона, 100 ўринга мўлжалланган инкубация маркази, 200 ўринга мўлжалланган масофавий IТ -хизматлар экспорти маркази, ошхона, очиқ ва ёпиқ турдаги спорт иншоотлари қуриш режалаштирилган.Замонавий фанларни ўқитишга ихтисослашган ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашни мақсад қилган Қоракўлда IТ-кластери юртимиз таълимида янги саҳифа очади.
Вилоятда жорий йилнинг ўтган олти ойида барча манбалар ҳисобидан 5,5миллиард сўм маблағ ҳисобига 20та объектда 108,2 километр ичимлик ва оқава сув тармоғи қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилди. Натижада, ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 69фоиздан 73,1фоизга ортди. 2023 йилда аҳолини ичимлик ва оқова суви таъминотини яхшилаш мақсадида 328,2 километр ичимлик суви тармоғи, 250дона сув қудуқлари қуриш ва реконструкция қилиш орқали таъминланганлик даражасини 73,5фоизга етказилиши режалаштирилган.
Рақамлар амалиётдан сўзлайди. Юқоридаги мисолларни йўналишларнинг барча соҳаларида кузатиш мумкин. Қувонарлиси шундаки, баён этилган рақамлар энг аввало аҳоли турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилмоқда.Айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ташрифидан сўнг янгиланиб бораётганкўҳна ва боқий Бухорода бу каби қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари кенг кўлам ва янгича суратда амалга оширилиб, таниб бўлмас қиёфа касб этмоқда. Шу жиҳатдан Президентимизнинг навбатдаги ташрифи ҳам Бухоро ва бухороликлар ҳаётида янги саҳифалар очади. Ҳудуд ривожи, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган истиқболли ташаббусларга бой бўлади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА