Янгиҳаёт маҳаллаларига минглаб чироқлар ўрнатилмоқда
Янгиҳаёт туманида аҳоли фаровонлигини ошириш ва инфратузилмани яхшилашга қаратилган муҳим дастурлар ишга тушди. Бу ўзгаришлар туман ҳаётига қандай таъсир кўрсатади?
Вазирлар Маҳкамаси ва Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарорига асосан Янгиҳаёт туманида инфратузилмани яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган дастурлар асосида маҳаллаларда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Ушбу дастурлар доирасида ҳудуддаги асосий ва ички кўчаларни ёритиш ишлари амалга ошириляпти.

Объектлардаги қурилиш-монтаж ишлари бўйича буюртмачи этиб Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси белгиланди ва у қурилиш-монтаж ишларини олиб бормоқда. Янгиҳаёт туманининг еттита маҳалласи – Чортоқ, Хўжа Учқун, Гулзор, Жалойир, Янги Дархон, Бинокор ва Хушнудга маблағ ажратилди. Бу маблағлар ҳисобига 2 минг 393 та ЛЕД тунги ёритиш чироғи, 90 700 метр СИП-16 ҳаво кабели, 33 та бошқарув қутиси (ИПНО ДУ) ва 249 та темир-бетон устун ўрнатилади.

Айни пайтда тумандаги Чортоқ, Хўжа Учқун, Хушнуд ва Жалойир маҳаллаларида монтаж ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА