Нуронийлар – ёшлар тарбияси ва жамият тараққиётининг муҳим таянчи
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат маркази биносида “Бир нуроний - ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ёшлар билан ишлашдаги ташаббусларини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган танловда туман ва шаҳар босқичларида биринчи ўринни эгаллаган нуронийлар учта шарт бўйича ўзаро беллашди.

Тадбир аввалида таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг марказида инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда маънавий баркамол авлодни тарбиялаш каби эзгу мақсадлар мужассам. Бу жараёнда катта ҳаётий тажрибага эга нуронийларнинг жамиятдаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бой тажрибасидан ёшлар тарбиясида самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Якуний натижаларга кўра, Конимех тумани вакили Мустафо Эгамқулов 1-, Навбаҳор тумани вакили Норпўлат Қосимов 2-, Кармана тумани вакили Гуландай Исломова эса 3-ўринни эгаллади.

Тадбир сўнггида барча ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, вилоятнинг ҳар бир нуронийсига фаол иштироки ҳамда алоҳида ютуқлари учун пул мукофотлари, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири