Янгиерда эҳтиёжманд фуқароларга ёрдам кўрсатилди
Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида "Темир дафтар"га киритилган ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз ва касб ҳунарга эга бўлмаган ҳамда "Чернобиль АЭС" фалокатини бартараф этишда иштирок этган фуқароларга шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг қарорига асосан "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан ёрдам кўрсатилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилнинг 28 апрелдаги "Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан 8 нафар хотин-қизга 822 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган бўлса, 5 нафар фуқаро "Темир дафтар" рўйхатига киритилди. "Темир дафтар" рўйхатига янгитдан киритилган Фотима Аҳмедовани соғлигини тиклаш учун 4 миллион 200 минг сўм пул маблағи даволаш профилактика муассасасига ўтказиб берилди.

– Ижтимоий ҳимояга муҳтож, "Темир дафтар"даги Алишер Низомиддиновнинг соғлигини тиклаш учун 2 миллион 200 минг сўм, ишсиз ва қийналган фуқаролар ўз-ўзини банд этиши, янги ҳунар тури билан шуғулланиши ва қўшимча даромад топиши учун Тўхтахон Абдупаттаева, Гулнора Эржигитовага замонавий тикув машинаси, спортнинг ўқ отиш йўналиши билан шуғулланиб келаётган Севинч Худайназаровага махсус спорт кийими олиб берилиб, уларга ҳам "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди, – дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Янгиер шаҳар бўлинмаси бош ҳисочиси Комил Раҳмонқулов.

Шу билан бирга, янгиерлик ижтимоий ҳимояга муҳтож 25 нафар фуқаро, 8 нафар "Чернобиль АЭС" фалокатини бартараф этишда иштирок этган фуқароларга ун, ёғ, шакар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан таркиб топган озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами етказиб берилди.
Сирдарё вилоятидаги барча ҳудудларда инсонларга шу каби манзилли ёрдам кўрсатилмоқда.
ЎзА