Янгиариқлик деҳқонлар кузги ғалла экишга киришди
Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида 2027 йил ҳосили учун кузги ғалла экиш мавсумига старт берилди.
Шу муносабат билан туманнинг "Каттабоғ" ҳудудида жойлашган “Юсуфбой-Иноят” фермер хўжалигида ғалла экиш мавсумига бағишланган семинар ташкил етилди.

Семинарда туман ҳокими Зафар Матназаров, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари ҳамда нуронийлар иштирок этди.
Жорий йилда туманда 72 та фермер хўжалиги томонидан 1700 гектар ер майдонига кузги ғалла экиш режалаштирилган.
Семинар давомида ғалла экиш ишларини сифатли ва агротехник талаблар асосида ташкил этиш, мўл ҳосил етиштириш учун зарур чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Нуронийлар қўлларини дуога очиб, янги мавсумнинг баракали келишини, ерларимиздан мўл-кўл ҳосил олинишини тиладилар.
Бундан ташқари, семинарда 2026 йил ҳосили учун пахта йиғим-теримига пухта тайёргарлик кўриш, фермер хўжаликларининг бўш ер майдонларидан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди.

Шунингдек, туманда чорвачилик комплексларини қуриш ишларини жадаллаштириш, замонавий чорвачилик лойиҳаларини амалга ошириш, наслдорликни яхшилаш ва соҳани янада ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири