Янги журнал: “Ўзбекистонда профессионал таълим”
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази муассислигида “Ўзбекистонда профессионал таълим” номли илмий-оммабоп, ўқув-услубий ва таҳлилий журнал нашрдан чиқа бошлади.
Мақсад: олий таълим тизими ва профессионал таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш ва жамоатчиликка етказиш.
Журналнинг нишона сонида устозлар – фан докторлари ва арбобларининг бу эзгу ишга хайрхоҳлиги, табрик ва тилаклари, шунингдек, соҳада амалга оширилаётган янгилик, эришилаётган ютуқлар, муаммолар ҳамда оғриқли нуқталар ечими борасида таҳлилий мақолалар берилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири, иқтисод фанлари доктори, профессор Абдуқодир Тошқулов профессионал таълим тизимидаги кенг кўламда амалга оширилаётган ишларнинг бир кўзгуси сифатида дунёга келаётган “Ўзбекистонда профессионал таълим” журнали соҳада кадрлар тайёрлаш тизимининг муҳим вазифалари ижросини таъминлаш ҳамда соҳани янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишига умид билдирган.
Нишона ва дастлабки сонининг ўзиёқ журналнинг истиқболидан дарак бериб турибди. Янги фикр, ғоя, ташаббус учун чин маънода эркин – очиқ минбар.
Жалолиддин Румийнинг:
Кимниким устози йўқ,
ҳеч бир ишин бунёди йўқ,
Маъни йўлида ғарибдир,
кимниким устоди йўқ...
сатрларининг журналнинг биринчи сонининг илк саҳифасидан жой олишида янги журнал нафақат соҳа мутахассислари – олим, зиёлилар, балки кенг жамоатчилик, сиз ва биз учун ҳам деган умид, ишонч, даъват бор.
А.Нарзуллоев, ЎзА