Шарқшунослик институтида “Очиқ эшиклар куни”
Бугун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида «Очиқ эшиклар куни» ташкил этилди.
“Шарқ мероси – замонавий нашриёт ва янги иқтисодий имкониятлар” мавзусига бағишланган мазкур тадбирда нашриёт ва нашриёт-матбаа корхоналари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчилар институт олимлари томонидан яратилган илмий асарлар, фундаментал монографиялар, қомусий луғатлар, тарихий манбалар таржималари ва нодир қўлёзмалар билан танишди. Тақдимотда Шарқ халқларининг бой илмий ва маънавий мероси, институтда олиб борилаётган тадқиқотлар ҳамда нашрга тайёр бўлган илмий лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Айниқса, институтнинг реставрация лабораторияси фаолияти иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда қадимий қўлёзмаларни сақлаш, уларнинг ҳолатини ўрганиш ва тиклаш жараёнлари намойиш этилди. Мутахассислар қўлёзмаларнинг асл ҳолатини имкон қадар сақлаб қолишда қўлланиладиган усуллар ҳақида тушунча бериб, амалий маҳорат дарси ҳам ўтказилди.
[gallery-32729]
Тадбирнинг яна бир муҳим йўналиши илмий тадқиқотлар натижаларини оммалаштириш ва уларни китоб бозорига олиб чиқиш масалаларига бағишланди.
Илмий муассаса ва нашриётлар вакиллари мулоқот давомида олимлар меҳнати маҳсулини кенг китобхонлар оммасига етказишнинг замонавий механизмларини муҳокама қилди. Хусусан, илмий асарларни тижоратлаштириш, электрон китоблар тайёрлаш, рақамли савдо платформаларини ривожлантириш, қўшма нашрларни амалга ошириш ҳамда узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди.
Аслида ҳам илмий тадқиқот натижаси фақат илмий доирада қолиб кетмаслиги, балки жамиятнинг турли қатламлари учун ҳам тушунарли ва фойдаланиш мумкин бўлган манбага айланиши зарур. Бу жараёнда нашриётларнинг ўрни беқиёс. Улар олимлар томонидан яратилган интеллектуал маҳсулотни китобхонга етказиш, унинг мазмун-моҳиятини оммалаштириш ва янги аудиторияни шакллантиришда муҳим воситачи ҳисобланади.
Учрашувда шунингдек, институт олимлари ва нашриёт вакиллари ўртасида бевосита мулоқот ташкил этилди. Иштирокчилар истиқболли нашриёт лойиҳалари, илмий адабиётларга бўлган эҳтиёж ва ҳамкорлик имкониятлари юзасидан фикр алмашди.
“Очиқ эшиклар куни”да ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар институтнинг етакчи олимлари билан суҳбатлашиб, илмий изланишлар, янги тадқиқот натижалари ва келгуси лойиҳалар ҳақида бевосита маълумот олди.
Тадбир якунида 2027 йилда институт ва нашриётлар ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилашга доир таклифлар илгари сурилиб, илмий тадқиқотлар натижаларининг амалий ва иқтисодий самарадорлигини ошириш, шу билан биргаликда, илмий адабиётларнинг тарқалиш кўламини кенгайтириш ҳамда уларни кўпроқ китобхонга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Моҳичеҳра Эшмирзаева,
Носиржон Ҳайдаров (сурат)
ЎзА