Янги Зеландияда қирғоққа чиқиб қолган дельфинлар нобуд бўлди
Янги Зеландиянинг Нгови манзилгоҳи яқинида оммавий равишда соҳилга чиқиб қолган қора дельфинлар нобуд бўлди. Бу ҳақда “Project Jonah” қутқарув ташкилоти хабар тарқатган.
Ташкилотнинг янгиланган ҳисоботига кўра, 5 ноябрь куни қирғоқ чизиғи бўйлаб бир неча километрда 40-50 бош денгиз жонивори топилган. Дастлабки хабарда тахминан 20 дельфин нобуд бўлгани айтилган эди.
Қутқарув амалиёти Кук бўғозидан келаётган кучли тўлқин ва сув сатҳи ҳудудидаги ўткир тошлар туфайли мураккаблашган. Қишлоқнинг узоқлиги Веллингтондан икки ярим соатлик йўлда жойлашгани қўшимча қийинчилик туғдирган.
Янги Зеландияда дельфинлар оммавий қирилиши аввал ҳам содир бўлган. Шу йил январь ойида орол жанубида 50 га яқин ҳайвон қирғоққа чиқиб қолган эди. 2022 йил октябрь ойида Чатам ороли қирғоғи бўйлаб бир неча кун ичида икки марта шундай ҳодиса кузатилган: жами 240 дельфин нобуд бўлган.
Бу тур одатда барқарор оилавий гуруҳларга бирлашиб яшайди. Бир фаразга кўра, айни уйғунлик жониворларни оммавий равишда қирғоққа чиқиб кетишга ундайди. Шу тариқа касалланган ёки йўналишини йўқотган шериклари ортидан бошқалари ҳам эргашиб саёз жойга чиқиб қолади.
С.Раҳимов, ЎзА