Янги йилни янги уйда нишонлашади
Самарқанд тумани Пулимуғоб маҳалласида ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига янги уй-жойлар топширилди.
Мамлакатимизда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ижтимоий оғий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни турар жой билан таъминлаш доимий эътибордаги масала ҳисобланади. Бу борада ҳар йили давлат ва ҳудудий дастурлар асосида зарур чора-тадбирлар кўрилади. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 9 августда қабул қилинган “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизи мини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ушбу мақсадга қаратилган навбатдаги ҳужжат бўлгани билан аҳамиятлидир.

Самарқанд вилоятида ҳам мазкур йўналишда ҳокимликлар, тегишли ташкилотлар ва тадбиркорлар томонидан амалий ишлар олиб борилмоқда.
Пулимуғоб маҳалласидаги қарийб 33 сотих ерда боқувчисини йўқотган хотин-қизлар, Меҳрибонлик уйлари битирувчилари учун бир гуруҳ тадбиркор ва саховатли кишилар ташаббуси билан 12 та замонавий уй-жойлар қурилиши ҳам ана шу хайрли ишларнинг намунаси бўлди.

Янги уйларни ўз эгаларига топшириш маросимида вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этиб, саховатли ишга ҳисса қўшганларга миннатдорлик билдирди.
– Бир неча йил аввал янги уй жой сотиб олиш учун пул топиш ниятида чет давлатга ишга кетган эдик, – дейди Зарифа Умарова. – Уч фарзандим ўзга юртда туғилди. Аммо турмуш ўртоғим оғир касалликка чалиниб, барча ниятларимиз армонга айланди. Кейин юртимизга қайтиб келиб, ёлғиз бошим билан ҳам фарзандларни едириб-ичириш, ҳам уй ижара пулини топишга қийналиб қолдим. Яратганга минг шукр, давлатимизга, раҳбарларимизга минг раҳмат, мана бугун уч хонали кичик ҳовли-жойимизга эга бўлдик. Бу эътибордан жудаям миннатдорман.

Умрзоқ Шокиров гўдаклигида ота-онасидан айрилган. У янги уй олиш ҳақида орзу ҳам қилолмас эди. Самарқанд шаҳрида ижарда яшаган Умурзоққа амакиси имкон қадар ёрдам бериб келган. Бугун эса унинг ҳаётида янги саҳифа бошланди – энди у ҳам ўз уйида яшайди.
– Бу йил менинг ҳаётимдаги энг қувончли, унутилмас йил бўлиб қолади – дейди Меҳрибонлик уйининг собиқ битирувчиси Заршед Мўминов. – Меҳрибонлик уйини битириб, Самарқанд давлат чет тиллар институтига ўқишга кирдим. Янги йил арафасида эса менга уй-жой беришди.
Тадбирда ушбу саховатли иш ташаббускорлари уй-жойга эҳтиёжманд инсонлар учун ҳудудда яна 16 хонадонли уй қуриб беришларини маълум қилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА