"Янги йилни янги уйда кутиб оламиз"
Янги йил байрами арафасида Андижон вилоятидаги уй-жойга муҳтож, оғир ижтимоий вазиятда яшаётган ва ногиронлиги бўлган 132 нафар хотин-қизга янги уй-жойлар топширилди.
Уйларни топширишга бағишланган тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва бошқалар томонидан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш, айниқса, кам таъминланган оилалар вакилларини, ногирон, оғир шароитларда яшаётган аёлларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
[gallery-5192]
- Йиллар давомидаги орзу-умидларингиз, мақсадларингиз рўёбини кўриш, қувончли кунингизга шерик бўлиш менга ҳам катта қувонч бағишлайди, - дейди вилоят ҳоеими. - Бугун тақдир тақозоси билан ҳаётда оғир синовларни бошидан ўтказган, мана шундай қувончли кунлар келишини кутиб яшаган 132 нафар турар-жойга ўта муҳтож, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларимиз замонавий, барча қулайликларга эга уй-жойлар билан таъминланди.
Кейинги йилларда бутун мамлакатимизда бўлгани каби Андижон вилоятида ҳам кам таъминланган, жисмоний имконияти чекланган опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракати доирасида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган тақдир йўлларида ўз ўрнини топишга қийналаётган ва имконияти чекланган юртдошларимизга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда нотурар жойларда истиқомат қилиб келаётган, ўз уй-жойи бўлмаган 120 нафар хотин-қиз уй-жой билан таъминланди. Бунинг учун 3 миллиард 728 миллион сўм маблағ сарфланди. Бундан ташқари, 255 нафар уй-жойи таъмирга муҳтож 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизнинг уй-жойлари ҳокимликлар ва ҳомийлар томонидан таъмирлаб берилди.
Янги йил байрами арафасида 132 нафар ана шу тоифадаги аёлларга Хўжаобод туманининг Иттифоқ массивида барпо этилган барча қулайликларга эга 2 хонали янги уйлар топширилди.
- Уч нафар фазандим билан кўп қаватли уйнинг уч хонали хонадонида яшайман, - дейди янги уй соҳибаларидан бири Олтинкўл туманидаги Марказ маҳалласида яшовчи Гулчечак Нуриева. – Фарзандларимнинг бири 2-гуруҳ ногирони. Бир ўғлим оиласи билан ижарада яшайди, икки фарзандим билан биргамиз. Шароитимиз оғирлигидан фарзандларимга алоҳида уй-жой қилиш имкони бўлмаяпти. Мана оиламизга субсидия ҳисобидан икки хонали уй берилди. Уйнинг бошланғич тўлови давлат томонидан тўлаб берилди. Миннатдормиз.
Шаҳрихон тумани Қумтепа маҳалласида яшовчи Гулнозахон Усмонова оиласи ҳам янги уй-жой олган оилалардан бири. Турмуш ўртоғи ва бир нафар ўғли 1-гуруҳ ногирони. Ушбу оила бир неча йиллардан буён бировларнинг уйида, ижарада яшаб келаётган эди.
- Бугун мендан бахтли инсон йўқ, - дейди Г. Усмонова. - Уйли бўлдим. Энди ўз уйим бор, хотиржам яшай оламан. Давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигидан яшашга бўлган умидим, давлатим, яхши инсонларга ишончим ортди. Қийналиб яшаётган мен каби аёллар ҳолидан хабар олиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган инсонларга, мана шундай хайрли ишларнинг бошида турган Президентимизга раҳмат.
Бўстон туманидаги “Боғи эрам” маҳалласида яшовчи Шоҳидахон Қобулова ҳам 2 нафар фарзандини ёлғиз ўзи вояга етказмоқда. Фарзандларидан бири 1- гуруҳ ногирони.
- Ота-онамнинг қарамоғида 2 фарзандим билан 14 йил яшадим, - дейди у. - Рўзғордан ортиб, алоҳида уй-жой қила олмадим. Ота-онам қариб қолди, ҳаётда жуда қийналдим. Шукр, энди янги йил байрамини янги уйда кутиб оламиз.
Субсидия асосида 20 йил муддатли кредит ҳисобига топширилган 132 та янги уйнинг бошланғич тўлови уй соҳибаларига давлат томонидан тўлаб берилди.
Янги уйлар калитини ўз эгаларига вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов топширди.
Фахриддин Убайдуллаев, Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА