Янги йилдан ҳунармандлар нима кутмоқда?
“Ҳунарманд“ уюшмаси аъзоларига берилган 40 дан ортиқ имтиёз соҳа ривожи ва нуфузини оширмоқда.
“Ҳунарманд“ уюшмаси аъзоларига берилган 40 дан ортиқ имтиёз соҳа ривожи ва нуфузини оширмоқда. Хусусан, жорий йилда уюшма рўйхатдан ўтган ҳунармандлар сони 2,5 баробарга ошди. Ҳозирда уларнинг сони 28 минг 300 нафар бўлиб, шогирдлар 53 минг 500 нафарни ташкил этмоқда.
“2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикасида ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳаларнинг йиғма дастури”га мувофиқ 405,1 миллиард сўмлик, 12 мингдан ортиқ лойиҳани банклар молиялаштириб, 46 минг 400 иш ўрни яратилди. Шунингдек, 18 миллион доллар миқдорида ҳунармандчилик маҳсулотлари экспорт қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа ривожланишида яна бир тарихий ҳужжат бўлди.
Унга кўра, юртимиз ҳудудларида яъни, 38 та туман, шаҳар ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ихтисослаштирилиб, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига бириктирилди. Энди ваколатхоналар ҳунармандлар маҳсулотларини чет элда намойиш этиш ва сотишда амалий ёрдам кўрсатади.
2020 йил 1 — январдан бошлаб, ҳунармандларнинг Миллий каталоги очиқ ва умум фойдаланиладиган веб-сайт кўринишида ишга туширилади. 2020 йил 1 мартдан бошлаб Реестр онлайн тарзда реал вақт режимида янгиланувчи очиқ ва умум фойдаланиладиган веб-сайт кўринишида ишга туширилади.
Реестрга туристик маршрутдаги манзил бўйича ўз устахонасида ёки ижара асосида фаолият юритаётган, ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни галереялар, ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконлари, маҳаллий ва хорижий савдо уйларига шартнома асосида намойиш ва сотиш учун қўяётган, Миллий каталогга киритилган, уюшма бадиий кенгаши тавсия этган ҳунармандлар киритилади. Миллий каталогга киритилган ҳунармандларга шогирдлар сони бўйича чекловлар бекор қилинади.
Шунингдек, кўргазма заллари, галереялар, павильонлар, бозор ва ярмарка расталарида намойиш қилиш ва сотиш учун жойлар, фаолиятини кенгайтириш учун ихтисослаштирилган ҳунармандчилик мажмуаларида ер участкалари ажратилишида Миллий каталогга киритилган ҳунармандлар учун устуворлик қўлланилади.
2020-2021 ўқув йилидан бошлаб ҳунармандчиликка ихтисослашган ҳудудларда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати йўналишлари бўйича болалар мусиқа ва санъат мактаблари, “Баркамол авлод” болалар марказлари ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ўқув курслари ташкил этилади.
Йирик савдо мажмуалари ва деҳқон бозорлари ҳудудларида алоҳида “ҳунармандлар расталари” ташкил этилиб, уюшмага аъзо бўлган ҳунармандлар доимий равишда жойлаштириб борилади.
2020 йил якунига қадар ташаббускорларни жалб қилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг туман ва шаҳарларида миллий ҳунармандчиликнинг барча йўналишларини ўзида мужассам этадиган замонавий “ҳунармандлар бозори” ташкил этилади.
“Ҳунарманд” уюшмаси 2020 йилда аъзолар сонини 34 минг нафарга, шогирдлар сонини 64 минг нафарга, янги иш ўринларини эса 50 мингта етказишни мўлжалламоқда. Бунда эса “Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури“ доирасидаги лойиҳаларга 589,3 миллиард сўм ажратиш ва маҳсулотлар экспортини 15 миллион долларга етказиш муҳим.