Янги услуб асосида инглиз тили ўргатилмоқда
Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган янги методик тавсиялар айнан мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига мўлжалланган. Қўлланма 72 соатлик тақвимий мавзулар режаси, дарс ишланмалари, коммуникатив ўйинлар ва фойдали ресурслар жамланмасидан иборат.
Ушбу тавсияларни тайёрлашда вилоятдаги энг тажрибали ва салоҳиятли педагоглар жалб этилган бўлиб, унда 5-7-ёшли болаларнинг ёш хусусиятлари ва ўзлаштириш имкониятларига алоҳида аҳамият қаратилган.
Янги 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб вилоятдаги барча мактабгача таълим ташкилотларида мазкур қўлланма асосида инглиз тили ўргатилмоқда.

Жумладан, Бухоро шаҳридаги 76-мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари ҳам бугун янги қўлланма асосида билимларни ўзлаштирмоқда.

– Ҳар бир машғулот қизиқарли ўйинлар билан бойитилган, –дейди МТТнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Малика Саидова. – Бинобарин, ўйинлар болажонларга хорижий тилларни ўқитишда энг самарали ва сифатли восита ҳисобланади. Ўйин жараёнида уятчан ёки хато қилишдан хавотирда бўлган болалар ҳам фаол иштирок этишга интилади. Муҳими, болажонларнинг инглиз тилини ўрганишга бўлган интилиши ошиб бормоқда. Бундан ота-оналар ҳам хурсанд.


Маълумот учун: мутахассисларнинг фикрича, инсон умр бўйи тўплайдиган билимларининг 80 фоизидан ортиғини 6 ёшига қадар эгаллайди. Демакки, инсон ҳаётида 6 ёшгача бўлган давр – муҳим ҳисобланади. Бу даврда хорижий тилларни ўргатиш ҳам самарали кечади. Тил ўрганиш – бола хотирасини мустаҳкамлаш баробарида дунёқарашни ҳам кенгайтиришга хизмат қилади.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири