Янги университет янги ўқув йилини янги бинода бошлайди
Мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами арафасида қурувчилар Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети жамоаси учун муносиб туҳфа ҳозирлади.
Президентимизнинг 2024 йил 18 июлдаги “Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан Термиз муҳандислик-технология институти ҳамда Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти қўшиб юборилди. Улар негизида ташкил топган янги олий таълим муассасасининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов тадбир иштирокчиларини энг улуғ, энг азиз байрам билан муборакбод этиб, кейинги йилларда таълимга қаратилаётган юксак эътибор ва олий маълумотли етук кадрлар тайёрлашга кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида атрофлича фикр юритди. Соҳада юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар жараёнида Сурхондарё вилоятида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари ғояси билан ташкил этилган мазкур университет воҳада олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимининг уйғунлигини таъминлаб, олий таълим муассасаларининг мавжуд ресурсларидан самарали фойдаланиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш орқали жанубдаги вилоят иқтисодиёт тармоқларининг, жумладан, ишлаб чиқариш, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар соҳалари бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади.

Янги олий таълим муассасасининг лойиҳа қиймати 38,6 миллиард сўмлик ўқув биноси минг ўринга мўлжалланган. Уни “Фарғона меъмор қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари тез ва сифатли бунёд этиб, замонавий усулда жиҳозлади.

Янги ўқув йилидан муҳташам бинода университетнинг механика ва кончилик иши факультети технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш, фойдали қазилма конлари геологияси, қидирув ва разведкаси, кончилик иши, нефть ва газ иши, кончилик электр механикаси, маркшейдерлик иши таълим йўналишлари талабалари фан сирларини чуқур эгаллай бошлайди.

Бинода талабалар фойдаланиши учун 8 та маърузалар хонаси, 10 та амалий семинар, 28 та лаборатория машғулотлари хонаси, битта роботатехника хонаси барча замонавий ўқув воситалари билан таъминланди. Шунингдек, янги ўқув йилидан ишга тушириладиган “Илғор муҳандислик мактаби” шу йўналишга мос саноат ҳамкорлари кўмагида замонавий лаборатория асбоб-усуналари билан жиҳозланади. Геология музейи, илмий кенгашлар зали, интеллектуал ўйинлар ва мунозара “Дебат” клублари учун ҳам махсус хоналар барпо этилган.

Вилоят раҳбари ўқув биносида яратилган шароитлар ва университетнинг келгусидаги фаолиятига бағишланган тақдимот билан танишди. Олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли ёшларга барча замонавий қулайликларга эга биноларда таҳсил олиш имконияти яратилаётгани ва бундан самарали фойдаланиш юзасидан таклифларини билдирди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири