Янги туристик маскан очилди
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Самарқанд туманининг Миронқул қишлоғида “Edelweiss Resort & SPA” дам олиш маскани фойдаланишга топширилди.
40 гектар майдонда барпо этилган мажмуанинг умумий лойиҳа қиймати 22 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Мажмуада 160 ўринли меҳмонхона, турли тоифадаги шинам хоналар, қишки ва ёзги мавсумларда фойдаланиш мумкин бўлган чўмилиш ҳавзалари, SPA ва соғломлаштириш маркази, замонавий муолажа хоналари ҳамда сайр йўлаклари барпо этилган. Бир кунда 500 нафаргача меҳмонга сифатли хизмат кўрсатиш қувватига эга. Маскан иш бошлаши билан 150 та янги доимий иш ўрни яратилди.
[gallery-30661]
Лойиҳани амалга ошириш доирасида дам олиш масканига борадиган 4 километр автомобиль йўлига асфальт ётқизилди, иккита кўприк қурилди. Ҳудудда экологик муҳитни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилиб, 50 мингдан ортиқ манзарали дарахт ва буталар экилди. Уларни суғориш учун 15 километр масофадан булоқ суви тармоғи тортилди, томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилди.
Мажмуанинг очилиш маросимида вилоят ва туман ҳокимликлари, туризм соҳаси масъуллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар бундай замонавий лойиҳалар вилоятимизнинг туристик салоҳиятини юксалтириш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш орқали ҳудуд иқтисодиёти ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшишини таъкидлади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбири