Янги Тошкентда хорижлик сармоядорлар учун дастлабки 50 та лот белгиланди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвестор ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилмоқда.
Янги Тошкент лойиҳаларига хорижлик сармоядорлар қизиқиши ҳам юқори. Улар учун дастлабки 50 та лот белгиланди. Уларнинг жойлашуви, лойиҳа имкониятлари, иқтисодий ҳисоб-китоблари ва янги енгилликларни ўз ичига олган аниқ таклифлар пакети элчиларга етказилади.
Хориждаги дипломатик ваколатхоналарга чет элдаги сармоядорларни Янги Тошкентдаги имкониятлар билан кенгроқ таништириш топширилди.
Вазирларга хорижлик ҳамкорлар ва йирик компаниялар билан ҳар бир учрашувда Янги Тошкент имкониятларини тақдимот қилиб, уларни қўшма лойиҳаларга таклиф қилиш вазифаси қўйилди.
Президентимиз эълон қилинган имкониятлар қоғозда қолмаслиги, улар ер участкалари, иқтисодий ҳисоб-китоблар ва амалга ошириш муддатлари кўрсатилган тайёр таклиф сифатида сармоядорга етиб бориши зарурлигини таъкидлади.
ЎзА