Маъмурий суд ишларини юритишга оид қоидалар тизимлаштирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексни тасдиқлашга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Лойиҳада маъмурий суд ишларини юритишга оид қоидаларни тизимлаштириш, амалдаги ҳуқуқий нормаларни ягона Кодексда жамлаш билан бир қаторда суд жараёнларининг самарадорлигини оширишга оид муҳим янгиликлар назарда тутилган. Жумладан, маъмурий судларда даъво ва жамоавий даъво институтларини ривожлантириш, маъмурий ҳужжатларга нисбатан ишончни ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлаш, судга мурожаат қилиш, аризаларни қабул қилиш ёки қайтариш тартибларини аниқлаштириш, процессуал муддатларни мақбуллаштириш ҳамда суд қарорлари ижросининг самарадорлигини оширишга қаратилган нормалар белгиланмоқда.
Шунингдек, Қонунчилик палатасининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш, рақамлаштириш ҳамда шаффоф ва коррупциядан холи тизимни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги парламент сўровига Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан тақдим этилган жавоб кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, соҳада бозор назоратининг замонавий тизимини жорий этиш, маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш, миллий стандартларни халқаро талабларга уйғунлаштириш ҳамда давлат хизматларини рақамлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Агентлик тизимида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва бартараф этиш чоралари ҳам кўрилмоқда.
Шу билан бирга, депутатлар томонидан аҳолини хавфсиз ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, соҳада инсон омилини камайтириш ҳамда шаффоф ва коррупциядан холи тизимни шакллантириш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
М.Комилова, ЎзА