Янги Тошкент халқаро брендлар эътиборида
Янги Тошкент шаҳрини замонавий мегаполис сифатида барпо этиш йўлида халқаро ҳамкорлик тобора кенгаймоқда. Дунёга машҳур брендлар ва йирик инвесторларнинг ушбу лойиҳага қизиқиши шаҳарнинг инвестициявий жозибадорлиги ҳамда истиқболли ривожланиш имкониятларини яна бир бор тасдиқламоқда.
Италиянинг машҳур «Tonino Lamborghini» бренди бош ижрочи директори Жанлука Филиппи бошчилигидаги делегация «Янги Тошкент» дирекциясида бўлиб, шаҳарни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Учрашув аввалида меҳмонларга Янги Тошкент шаҳрининг бош режаси, биринчи босқичда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, замонавий муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, экологик барқарорлик тамойиллари ҳамда ҳудуднинг юқори инвестициявий салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Делегация раҳбари Жанлука Филиппи Янги Тошкентда амалга оширилаётган шаҳарсозлик концепцияси ва инвестициявий лойиҳаларга юқори баҳо бериб, уларда иштирок этиш имкониятларига қизиқиш билдирди.
Музокаралар чоғида икки томон учун манфаатли бўлиши мумкин бўлган қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди. Жумладан, халқаро даражадаги «Design Residence», «Premium Coworking» каби замонавий мажмуаларни ташкил этиш, дизайн ва инновацион технологияларни уйғунлаштирган муҳит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, бу борада жаҳоннинг ривожланган шаҳарлари тажрибаси юзасидан фикр ва тажриба алмашилди.

Бундай учрашувлар Янги Тошкентнинг халқаро инвестиция марказларидан бирига айланиши, нуфузли брендлар иштирокида инновацион ва замонавий шаҳар муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Бу эса мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда шаҳарсозлик соҳасида илғор халқаро тажрибаларни кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА