Мўл ҳосилнинг сири
Боёвут туманида қишлоқ хўжалигида қўлга киритилаётган юқори натижалар тасодиф эмас. Илмий ёндашув, замонавий агротехнологиялар, фермерларнинг бой тажрибаси ва самарали бошқарув тизими ҳар бир гектар ернинг имкониятини тўлиқ ишга солишга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда аграр соҳани тубдан модернизация қилиш, пахта ва ғалла ҳосилдорлигини ошириш, ер ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинаётган қарор ва дастурлар соҳада илмий ёндашувни кучайтириш, инновацион технологияларни кенг жорий этиш ҳамда фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Республика фермерлар кенгашининг қўшма мурожаати эълон қилиниб, унда фермерлар ҳар бир гектар ердан юқори ҳосил олиш, сув тежовчи технологияларни қўллаш, агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда бажариш ҳамда илм-фан ютуқларини амалиётга кенг татбиқ этишга чақирилган.
Боёвут туманида мазкур мурожаат мазмуни барча фермер хўжаликларига етказилиб, унинг ижросини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Фермерлар иштирокида мунтазам ташкил этилаётган дала семинарлари, амалий ўқувлар ва тажриба алмашиш тадбирлари юқори натижаларга мустаҳкам замин яратмоқда.
Туманда жами 31 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари мавжуд бўлиб, шундан қарийб 22 минг гектари пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослаштирилган. Жорий мавсумда ғалладан бўшаган 9 минг 800 гектар майдонга такрорий экинлар уруғлари қадалди. Шунингдек, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида яна 800 гектар ерга картошка экилмоқда.
[gallery-30597]
Мутахассислар таъкидлашича, такрорий экинлар нафақат қўшимча даромад манбаи, балки тупроқ унумдорлигини сақлашнинг ҳам муҳим омили ҳисобланади. Айниқса, мош каби дуккакли экинлар тупроқни табиий азот билан бойитиб, кейинги экин учун қулай агрофон шакллантиради. Бу эса минерал ўғитлар сарфини камайтириш, ернинг биологик фаоллигини ошириш ва экологик барқарор деҳқончиликни таъминлашга хизмат қилади.
— Такрорий экинлар ер унумдорлигини сақлаш, тупроқдаги биологик жараёнларни фаоллаштириш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Республика, вилоят ва туман фермерлар кенгашлари томонидан фермерларга агротехник тавсиялар, амалий ёрдам ва ҳуқуқий кўмак мунтазам кўрсатиб келинмоқда, — дейди Боёвут туман фермерлар кенгаши раиси Барно Холмуҳаммедова.
Фермерларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳам кенгаш фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Хусусан, маҳсулотини кластерларга топшириб, маблағини ўз вақтида ололмаётган фермерлар манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида судларга даъво аризалари киритилмоқда. Натижада 2025 йилнинг ўзида қарийб 12 миллиард сўм маблағни ундириш бўйича ишлар ижобий ҳал этилди. Сўнгги бир ойда эса 100 дан ортиқ даъво аризаси асосида фермерлар фойдасига қарийб 1,5 миллиард сўм маблағ ундирилди.
Боёвутда юқори натижаларга эришишда меҳнатни самарали ташкил этиш ҳам муҳим омил бўлмоқда. Масалан, фермерлар билан учрашувлар ва агротехник ўқувлар куннинг энг иссиқ вақтида эмас, балки эрталаб соат 6:00–7:00 оралиғида ўтказилади. Бу вақтда соҳадаги янгиликлар, агротехник тавсиялар ва қабул қилинаётган қарорлар муҳокама қилиниб, куннинг асосий қисми тўлиқ дала ишларига бағишланади.
Боёвут фермерларининг муваффақияти кейинги икки йилда эришилган натижаларда ҳам яққол намоён бўлмоқда. 2025 йилда тумандаги 322 та фермер хўжалиги 10 минг гектардан ортиқ пахта майдонида меҳнат қилиб, 45 минг тоннадан зиёд пахта етиштирди. Шу тариқа Боёвут Сирдарё вилоятида давлат харид режасини биринчи бўлиб бажарган туман сифатида эътироф этилди. Ҳар гектардан ўртача 45–50 центнер ҳосил олингани эса илмий асосланган агротехнологияларнинг юксак самарасини кўрсатди.
2026 йилда туман ғаллакорлари ҳам давлатга дон топшириш бўйича шартномавий мажбуриятларини муваффақиятли бажардилар. Давлат дон қабул қилиш корхоналарига қарийб 40 минг тонна сифатли дон топширилди.
Жорий мавсумда 11 минг 500 гектар майдонда иқлим шароитига мос, эртапишар ва серҳосил ғалла навлари парваришланди. Ерни сифатли тайёрлаш, сертификатланган уруғликлардан фойдаланиш, минерал ўғитларни илмий асосланган меъёрларда қўллаш, сув ресурсларини тежаб сарфлаш ҳамда агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш юқори ҳосилдорликни таъминлади.
Мавсумни қисқа муддатда ва талафотсиз якунлаш мақсадида туманда 19 та ўрим-йиғим отряди ташкил қилиниб, улар таркибида 38 та замонавий комбайн ва 150 та юк ташиш техникаси жалб этилди. Бу ҳосилни қисқа муддатда, сифатли ва нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш имконини берди.
Юқори ҳосилдорликка эришган «Шоҳрух Зайнура», «Бекзод Облоқулов», «Боёвут самараси», «Рўзибой Одилович», «Абдуғани Каттабой» ва «Ўринбоев Сарварбек» фермер хўжаликлари ҳар гектардан 70–80 центнергача дон етиштириб, умумий хирмонга муносиб ҳисса қўшди.
Хусусан, «Бекзод Облоқулов» фермер хўжалигида 120 гектар ер майдонининг 65 гектарида бошоқли дон парваришланиб, давлатга 300 тонна сифатли дон топширилди.
Замонавий технологиялар самарасини «Болғали қилич» фермер хўжалиги мисолида ҳам кўриш мумкин. «Шуҳрат» медали соҳиби Шоира Қаршибоева раҳбарлик қилаётган мазкур хўжаликда икки йилдан буён Хитойнинг Шинжон технологияси асосида пахта етиштирилмоқда. Қўшқатор экиш усули, аниқ агротехника ва сув тежовчи технологиялар туфайли ҳар бир туп ғўзанинг ривожланиши учун қулай шароит яратилган. Айни пайтда ғўзалар шоналаб, кўсак боғлаган. Фермернинг таъкидлашича, жорий мавсумда ҳар гектардан 50 центнердан ортиқ пахта ҳосили олиш учун барча имкониятлар мавжуд.
Боёвут тажрибаси яна бир муҳим ҳақиқатни тасдиқламоқда: қишлоқ хўжалигида юқори натижа ер майдонининг кўплиги билан эмас, балки ҳар бир гектардан олинаётган самара билан белгиланади.
Илмий ёндашув, инновацион агротехнологиялар, сув ва бошқа ресурсларни тежайдиган ечимлар, меҳнат интизоми ҳамда фермерларнинг изланувчанлиги уйғунлашган жойда ҳосилдорлик ҳам, иқтисодий самара ҳам юксалади. Боёвутлик фермерлар бу муваффақият формуласини амалда исботламоқда.
Пахтачилик ва ғаллачиликда қўлга киритилаётган юқори натижалар, такрорий экинлар ҳисобига ердан самарали фойдаланиш, фермерларнинг ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани туманда барқарор аграр тараққиёт учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Бу тажриба нафақат Сирдарё вилояти, балки республика миқёсида ҳам замонавий ва рақобатбардош қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА