Янги Тошкент: буюк келажак сари қадам
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва замонавий шаҳарсозликнинг янги босқичи сифатида қад ростлаётган Янги Тошкент лойиҳасида бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Яқинда Давлатимиз раҳбари ушбу улкан ҳудудга ташриф буюриб, амалга оширилаётган бунёдкорлик жараёнлари ва истиқболли лойиҳалар билан бевосита танишди.


Янги Тошкент — шунчаки янги турар жойлар мажмуаси эмас, балки замонавий меъморчилик ечимлари, қулай инфратузилма ва «яшил» шаҳар тамойиллари уйғунлашган келажак масканидир. Бугунги кунда бу ерда муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан бир қаторда, шинам турар жойлар, замонавий ижтимоий ва маданий объектлар жадал барпо этилмоқда. Ҳар бир бино ва иншоотни қуришда аҳолининг мазмунли яшаши, меҳнат қилиши ва ҳордиқ чиқариши учун барча қулайликлар алоҳида эътибор билан кўзда тутилган.



Шаҳарнинг келажак қиёфасини шакллантиришда маърифат, илм-фан ва инновацияларга алоҳида урғу берилган. Хусусан, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ҳамда Янги Ўзбекистон университетининг замонавий кампуслари ёшларнинг сифатли таълим олиши, илмий изланишлар олиб бориши ва юқори малакали мутахассис бўлиб етишиши учун ноёб платформа яратади.


Шунингдек, ҳудудда қад ростлаётган муҳташам кутубхона нафақат китоб мутолааси, балки интеллектуал мулоқот ва ахборот алмашинуви марказига айланиб, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилади. Мухтасар айтганда, Янги Тошкентда амалга оширилаётган ҳар бир эзгу ташаббус мамлакатимизнинг эртанги доруломон кунлари, келажак авлодларимизнинг муносиб ва фаровон ҳаёти учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевордир.
[gallery-31933]
ЎзА