Янги Тошкент аэропорти замонавий Ўзбекистоннинг рамзларидан бирига айланади
“Янги Тошкент халқаро аэропортини қуриш” лойиҳаси доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва субпудрат ташкилотларини жалб этишга бағишланган “Road Show” тадбири ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ҳамда “Larsen & Toubro” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 120 дан ортиқ маҳаллий корхона вакиллари иштирок этди.
Уларга янги аэропорт лойиҳасининг техник хусусиятлари, қурилиш ҳажми, харид қилинадиган маҳсулот ва хизматлар, шунингдек, пудрат ишларига қўйиладиган талаблар ҳақида маълумот берилди.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов мамлакатда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани, бунда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш устувор вазифа эканини таъкидлади.
Хусусан, 2030 йилга қадар соҳага 9 миллиард доллардан зиёд инвестиция жалб қилиш ва транспорт хизматлари ҳажмини икки баробар ошириш мақсад қилинган.
– Янги Тошкент халқаро аэропорти стратегик аҳамиятга эга лойиҳа, – деди Илҳом Маҳкамов. – Унинг амалга оширилиши мамлакатимиз халқаро транспорт ва логистика салоҳиятини ошириш, минтақавий авиация хабини шакллантириш ва Ўзбекистоннинг жаҳон авиация тизимидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, лойиҳада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва субпудратчилар иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Янги аэропорт давлат-хусусий шериклик асосида Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги 1 минг 310 гектар майдонда барпо этилади. Лойиҳа “Vision International Investment” бошчилигидаги халқаро консорциум билан ҳамкорликда амалга оширилади. Биринчи босқичда қурилиш ишларига 2,7 миллиард доллар инвестиция йўналтириш режалаштирилган. Аэропорт босқичма-босқич ривожлантирилиб, йўловчи терминали майдони дастлаб 208 минг, кейинчалик 400 минг квадрат метрга етказилади. Йиллик йўловчи ўтказиш қуввати эса 20 миллиондан 46 миллион нафаргача оширилади.
Лойиҳа доирасида юк терминали, ҳаво ҳаракатини бошқариш минораси, самолётларга техник хизмат кўрсатиш ангарлари, замонавий навигация ва метеорология тизимлари ҳам барпо этилади.
Якуний босқичда аэропортда 204 та рўйхатдан ўтказиш устуни, соатига 68 та учиш-қўниш операциясини амалга ошириш имконияти, 169 та ҳаво кемаси учун тураргоҳ ва 45 та телескопик трап бўлиши кўзда тутилган.
“Road Show”да маҳаллий корхоналарнинг ишлаб чиқариш қуввати ва техник имкониятлари ўрганилиб, уларнинг таклифлари муҳокама қилинди. Лойиҳада иштирок этадиган пудрат ташкилотлари очиқ ва рақобатли тендер асосида танланади. Бунда уларнинг тажрибаси, малакаси, техник имкониятлари ва белгиланган талабларга мувофиқлиги инобатга олинади.
“Larsen & Toubro” компанияси раиси маслаҳатчиси, бинолар инфратузилмаси бўйича директори В.Д. Сатиш Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш ва кадрлар тайёрлаш компания фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири эканини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, компания мамлакатда энергетика, рақамли инфратузилма ва бошқа йирик лойиҳаларда иштирок этмоқда.
– Биз учун нафақат инфратузилма яратиш, балки маҳаллий имкониятларни кенгайтириш ҳам муҳим, – деди В. Сатиш. – Шу боис Ўзбекистонда 160 дан ортиқ маҳаллий мутахассисни ишга жалб этяпмиз. Нурободда махсус ўқув маркази ташкил этилиб, 100 дан зиёд маҳаллий етказиб берувчи ва субпудратчи билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Мақсадимиз – янги аэропортни замонавий Ўзбекистоннинг рамзларидан бирига айлантириш.
Тадбир давомида маҳаллий корхоналарга халқаро пудратчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, ўз ишлаб чиқариш имкониятлари ва таклифларини тақдим этиш имконияти яратилди.
[gallery-31760]
Дилшод ҲАКИМОВ,
Аслиддин АЛИЖОНОВ (сурат),
ЎзА