Хоразмда коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий тизим мустаҳкамланмоқда
Урганчда Коррупцияга қарши назорат, жамоатчилик билан ҳамкорлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича Хоразм вилояти коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар аъзолари учун тренинг ўтказилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилган тренингда ҳудудий кенгаш аъзоларидан ташқари, депутатлар, ҳамкор ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ҳудудлардаги коррупциявий муаммолар ва хавф-хатарларни аниқлаш ҳамда баҳолаш, масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва коррупциянинг олдини олишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган тренингда соҳадаги қонунчилик нормалари, уларнинг амалий аҳамияти кўриб чиқилди.
Икки кун давом этган тадбирнинг илк кунида ҳудудлардаги мавжуд вазиятлар таҳлил қилиниб, ахборот алмашиш, вазифаларни тақсимлаш ва қарорларни ўзаро мувофиқлаштириш механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, муаммоларни ҳудудий даражада ҳал этиш имкониятлари ҳамда республика даражасида ваколатли органлар иштирокида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар белгиланди.
Тренинг дастурининг иккинчи кунида эса жамоатчилик назорати, очиқликни таъминлаш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.
– Иштирокчилар фуқаролар мурожаатлари, очиқ маълумотлар, статистик кўрсаткичлар, ОАВ материаллари ва фуқаролик жамияти ташкилотларининг хулосаларидан коррупциявий хавф-хатарларни аниқлашда фойдаланиш усулларини ўрганадилар, – дейди Журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори ўринбосари, тренер Нозима Тошпўлатова. – Бунда тасдиқланган фактларни даъво ва текширилмаган маълумотлардан фарқлаш, қўшимча ахборотга бўлган эҳтиёжни аниқлаш ҳамда келиб тушган хабарларга ваколатлар доирасида қонуний ва асослантирилган муносабат билдиришга алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-32284]
Назарий кўникмалардан сўнг амалий машғулотлар давомида мавжуд маълумотларни текшириш, масъул ташкилотларни белгилаш, тегишли чораларни ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини мониторинг қилиш бўйича амалий таклифлар тайёрланди.
Ҳудудлар бўйича тайёрланган таклифлар эса Коррупцияга қарши курашиш агентлигига кўриб чиқиш учун тақдим этилади ҳамда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари ва устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда тегишли чора-тадбирларни белгилашда фойдаланилади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари