Янги тизим – янги имкониятлар (+видео)
2025 йил 1 июлдан юртимиздаги 15 туман ва шаҳарда, жорий йилдан эса Самарқанд вилоятининг барча туман ва шаҳарларида тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 19 майда қабул қилинган “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида йўлга қўйилаётган янги тизимнинг туб моҳияти тиббиёт соҳасини энг илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш ва соҳага янги бошқарув тамойилларини жорий қилишдан иборат.
Лекин бу мақсадларга эришиш учун яна бир қатор чора-тадбирлар, вазифаларни амалга ошириш зарурки, улар юқорида қайд этилган ҳужжатларда аниқ белгилаб қўйилган. Гап уларни ўз вақтида, сифатли бажаришда қолмоқда.
Хўш, тажриба-синов бутун вилоят бўйлаб амалга оширилаётган Самарқанд тиббиётида янги тизим қандай йўлга қўйилди, тиббиёт чиндан ҳам аҳолига яқинлашдими, хизмат сифати ошдими?

– Янги тизимдан кўзланган асосий мақсад, аввало, бирламчи тизимни аҳолига яқинлаштириш, иккинчидан, халқаро тажрибага асосланган ҳолда янги модель яратиш ва бирламчи тизимга аҳоли қамровини 70 фоизга етказиш, – дейди Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Жамшид Жиянов. – Учинчидан, тиббиётда турли хил қоғозбозликларни камайтириш ва соҳани рақамлаштириш. Тўртинчидан, тиббиёт ходимлари юкламасини 30 фоизга камайтириш ҳамда аҳолининг бирламчи тизимдан розилигини 85 фоизга етказиш кўзда тутилган. Ўтган йилнинг иккинчи ярмида республикамизнинг 15 ҳудудида, жумладан, вилоятимизнинг Самарқанд шаҳри, Иштихон ва Булунғур туманларида тажриба-синов тарзида янги тизим йўлга қўйилгани бизга жуда қулай бўлди. Ушбу ҳудудларда амалга оширилган ишлар, бу жараёнда дуч келинган айрим муаммолардан хулоса чиқариб ва эришилган натижаларни таҳлил қилиб, йил бошидан 13 туман ва шаҳарда ҳам янги тизимни йўлга қўйдик.
Шу пайтгача бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида аҳолига оилавий поликлиника, қишлоқ оилавий поликлиникаси ёки қишлоқ шифокорлик пункти, маҳалла тиббиёт пункти (контейнерлар) орқали хизмат кўрсатиларди. Вилоятда 71 та оилавий поликлиника ва унинг 81 та филиали, 170 та оилавий шифокорлик пункти ва 44 та филиали, 230 та маҳалла тиббиёт пункти, 191 та контейнер бор эди. Бу муассасалар аҳоли сонидан келиб чиқиб, юридик мақомга эга оилавий поликлиникаларга ҳамда уларнинг филиалларига айлантирилди. Масалан, аҳолиси сони 12 минг нафаргача бўлган ҳудудларда иккинчи тип оилавий поликлиника, 12 минг нафардан ортиқ бўлса, биринчи тип оилавий поликлиника, 3000 нафаргача аҳоли яшайдиган ҳудудларда эса иккинчи типдаги оилавий поликлиника филиали ташкил этилди. Айни пайтда вилоятимизнинг 4 миллион 294 минг аҳолисига 239 та биринчи типдаги, 160 та иккинчи типдаги оилавий поликлиника ва унинг 19 та филиали орқали бирламчи тиббий-санитария хизмати кўрсатилмоқда.
Оилавий поликлиникаларда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатувчи оилавий шифокор, педиатр, акушер-гинеколог ва ташхислаш хизматларини кўрсатувчи мутахассислар, шунингдек, аутсорсинг асосида стоматология хизмати йўлга қўйилди. Шунингдек, бу муассасаларда УТТ ва рентген текширувларини амалга ошириш имконияти яратилди.
Аҳолига оилавий шифокорни эркин танлаш ҳуқуқи берилади. Тиббиёт бригадаси ҳамда унга бириктирилган аҳоли ўртасида томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи битим тузилади. Бу битим бажарилиши учун тиббий бригада ва улар хизмат кўрсатадиган аҳоли ҳам масъул ҳисобланади. Аввалги тизимда 2000 аҳолига бир нафар врач, икки нафар ва бир нафар амалиётчи ҳамширадан иборат тиббий бригада хизмат кўрсатган бўлса, эндиликда битта бригада 3000 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Бригадада патронаж ҳамширалар сони 3 нафарга кўпайди. Олис ҳудудларда яшайдиган аҳоли учун тор доирасидаги мутахассислар кўриги йўлга қўйилди.
– Олдин ҳар бир оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктида лаборатория бўлса-да, олинган таҳлил намуналарини текшириш ва аниқ хулоса беришда бир қатор муаммолар бор эди, – дея сўзида давом этади Ж.Жиянов. – Бу асосан, жиҳозларнинг эски ва носозлиги, реактивлардан фойдаланишда исрофгарчиликка йўл қўйилиши, электр таъминотидаги узилишлар ва мутахассисларнинг етарли тажриба ва малакага эга эмаслиги билан боғлиқ эди. Энди эса бундай лабораториялар тугатилиб, туман ва шаҳарда битта марказий лаборатория ташкил этилди. Поликлиникаларда олинган таҳлиллар махсус ажратилган транспорт воситалари орқали ҳар куни икки марта марказий лабораторияга келтирилади ва бу ерда малакали лаборантлар томонидан замонавий тиббий ускуналарда текширилиб, натижалар шу куннинг ўзида DMED электрон ахборот тизими орқали оилавий шифокор ва фуқарога юборилади. Ана шу таҳлил натижаси билан фуқаро туман ва вилоят даражасидаги даволаш профилактика муассасаларига ёки ихтисослашган марказларга мурожаат қилиб, даволаниши, зарур маслаҳат олиши мумкин. Аввалги тизимда юртдошларимиз бирор хасталик туфайли ўзи яшаб турган жойдаги поликлиникага, сўнгра туман ёки вилоят шифохонасига мурожаат қилиб, уч муассасада ҳам қон ва бошқа таҳлиллар топширишига тўғри келган бўлса, эндиликда поликлиникада бир марта топширган таҳлил хулосасининг ўзи кифоя.

Янги тизимда олдинги кўп тармоқли марказий поликлиникалар туман, шаҳар марказий шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлимига айлантирилди. Эндиликда бу ерда фаолият кўрсатадиган тор соҳа мутахассислари мурожаат қилувчиларга ташхис қўйиб, зарурат бўлса, шифохонанинг тегишли бўлимларида даволаниш учун йўналтиради. Авваллари врачлар фақат поликлиникада ишлар ва уларда амалий кўникма деярли йўқ эди. Масалан, умуман жарроҳлик амалиётида қатнашмаган жарроҳ поликлиника хирурги сифатида йиллаб ишлаши мумкин эди. Ҳозир эса маслаҳат-диагностика бўлими врачлари икки ой шу ерда ишлагач, кейин яна шунча муддат ўз йўналиши бўйича стационар бўлимда фаолият кўрсатади. Яъни, врачлар алмашиб ишлайди ва бу уларнинг амалий кўникмаларини оширишга хизмат қилади. Шу пайтгача вилоятимизда 16 та кўп тармоқли марказий поликлиника ва уларнинг 49 та филиали фаолият кўрсатарди. Энди уларнинг иш услуби ўзгарди.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари негизида туман, шаҳар соғлиқни сақлаш бўлимлари ташкил этилди. Шу пайтгача тиббиёт бирлашмаси бошлиғи бир вақтнинг ўзида марказий шифохона ҳамда кўп тармоқли марказий поликлиника бош врачи ҳам ҳисобланарди. Аммо у тизимда асосан ташкилий ишлар билан банд бўлгани сабабли бош шифокорлик функциясини тўлақонли бажара олмасди. Эндиликда соғлиқни сақлаш бўлимига бошқа шахс раҳбар бўлади, марказий шифохонага бошқа шахс бош врачлик қилади. Бу ҳудуд соғлиқни сақлаш тизими бошқаруви самарадорлигини оширади.
Янги тизимнинг йўлга қўйилиши туфайли аҳоли томонидан тиббиётнинг бирламчи бўғинига, яъни оилавий поликлиникаларга мурожаатлар кўпайди, тез ёрдамга чақирувлар кескин камайди, стационарда ётиб даволанувчилар оқими ҳам анча қисқарди. Аслида, тизим шундай ишлаши керак ва фуқаролар асосан, бирламчи бўғинга мурожаат қилиши, кейин зарурат бўлсагина юқори бўғиндаги тиббий муассасаларга йўналтирилиши лозим.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида тиббиёт ходимларининг моддий манфаатдорлиги оширилиб, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг ҳам янги тизими жорий этилди. Айни пайтда ҳеч қандай тоифа ва тажрибаси бўлмаган, янги иш бошлаган врач учун 7 миллион сўм, ўрта тиббиёт ходими эса 4 миллион сўм базавий маош белгиланган. Лекин тиббиёт бригадаси ходимлари илғор тажрибага мувофиқ ишлаб чиқилган тўрт босқичдан иборат оила саломатлиги бўйича махсус ўқув дастури асосида ўқиб, синовлардан муваффақиятли ўтса, ойлик лавозим маошига 100 фоизгача устама қўшилади. Бундан ташқари, ходимлар фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) асосида ҳам ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда устама олиши мумкин. Ҳозир врач ва ўрта тиббиёт ходимлари ана шу мезонлар асосида юқори маош олиб фаолият кўрсатмоқда.
Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш соҳасида янги тизим жорий этилиши муносабати билан ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳоли учун қулайликлар яратиш мақсадида бу йил 300 та объект инвестиция дастурига киритилиб, капитал таъмирлаш ва реконструкция ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/S6AS-PReRmw" title="Yangi tizim – yangi imkoniyatlar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари