Янги қурилаётган тўғон ростдан ўпирилганмиди?
Журналист суриштируви
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманининг тоққа яқин Хиёбон маҳалласидан оқиб ўтган “Қизилдарё” суви ҳар йили баҳор ойларида пишқириб оқади. Сел келган пайтларда сув оқими янада ваҳимали кўриниш олади. Бундай манзаралар маҳалла аҳлига яхшигина таниш, аммо одамларни хавотирга солмасдан қолмайди. Бир неча кун олдин икки кунлаб ёққан ёмғир натижасида дарёда катта сув тошқини юз берди ва дарёда қурилаётган кичик тўғондаги, маҳаллий аҳоли “селпоя” деб атайдиган иншоотнинг бир чети емирилиб кетишига сабаб бўлди.
Ушбу ҳолат жамоатчиликнинг кўплаб салбий фикрларига сабаб бўлди. Яъни “катта харажат эвазига қурилган янги тўғон сел сувларининг биринчи зарбасидаёқ ўпирилиб кетди”, “эссиз кетган маблағ” каби фикрлар билдирила бошланди. Хўш, аслида ҳолат қандай бўлган? Ростдан ҳам янги тўғон ўпирилиб кетганмиди? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида воқеа жойига бордик.
[gallery-16976]
Сувнинг кўламини у қолдирган излардан ҳам билиш қийин бўлмайди. Тошқин натижасида дарёда қурилаётган тўғоннинг бир қисми ўрнидан кўчиб тушган, каттагина маблағ эвазига қурилаётган иншоотнинг биринчи зарбага дош беролмагани ҳудуд аҳолисининг эътиборидан четда қолмади.
– Маҳалламиздан ўтган ушбу дарёнинг суви кўпинча лойқа оққани учун “Қизилдарё” деб атаймиз, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жамшид Тилабов. – Асосан баҳор ойларида сел сувлари оқади. Пастроқда гидроузел бор. Шунга шикаст етказмаслик учун дамба қуриляпти. Дамбанинг қурилиши бошланганига уч ойдан ошди. Ҳали қурилиш ишлари охирига етгани йўқ. Шунинг учун уч кун олдин ёққан ёмғирда дарёда сув кўпайиши натижасида бурчаги синиб кетди.
Дарёда сув миқдори кам бўлса-да, унинг яқинида бўлиш бироз ваҳимали туюлади. Ҳолатни кузатарканмиз, хаёлимизга иншоотнинг техник ҳолати хусусида қатор саволлар кела бошлади. Айни пайтда ҳудудда бўлмаган масъуллар билан телефон орқали боғланиб, улар билан учрашишга келишдик ва саволларимизга жавоб олишга ҳаракат қилдик.
–- “Қизилсув” дарёсидан келадиган сел сувларини “Яккабоғ” гидроузелининг биринчи ва иккинчи сув ташламалари орқали Хиёбон маҳалласидан ўтадиган сел сувларидан ҳимоя қилиш мақсадида қиймати 8,5 миллиард сўмлик тўғон– дамбани қуряпмиз, – дейди “Қашқадарё сув қурилиш инвест” давлат муассасаси назоратчиси Толмас Зоҳидов. – Қурилиши 2023 йил сентябрдан 2024 йил сентябргача белгиланган. Уч кун олдин келган сел сувлари қурилиши тугалланмаган дамбамиздан оқиб ўтди. Ўша сувлар иншоотга катта талофат бермаслиги учун ўнг қирғоғидан экскаватор ёрдамида сув йўлини очиб, келган 50-60 кублик сел сувларини беталофат ўтказиб юбордик. Айтмоқчиманки, дамбани сел сувлари ўпиргани йўқ. Шунчаки талофат катта бўлмаслиги учун бир четини ўзимиз ўпирдик. Уни тўғрилаб, лойиҳани охирига етказамиз.
Масъулнинг сўзларига кўра, сел ҳали якунига етмаган тўғонга талофат етказмаслиги учун унинг бир қисми атайин очиб юборилган. Тўсиқдаги синишлар ҳам шунинг натижасида юзага келган экан.
Ҳолатни ўрганиш жараёнида қурилиш ишларининг ҳар бир босқичи назорат остида эканлиги, тегишли идоралар томонидан доимий кузатиб борилаётгани ҳам маълум қилинди.
Ушбу тўғон тошқин кучини камайтириш, оқибатда кузатилиши мумкин бўлган талофатлар олдини олиш мақсадида қурилаётгани ойдинлашди. Фақатгина ёмғирлар мавсуми бошланиши ортидан кузатилаётган сел сувлари ишни бироз мураккаблаштирди, дейди масъуллар. Шунингдек, улар иш якунига қадар бу ҳолатлар тўлиқ бартараф этилишини қўшимча қилиб ўтишди.
Маълумот ўрнида: ушбу лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши натижасида мавжуд гидроузел ва сел-ташлама иншооти сел-тошқин сувларидан ҳимояланиб, Яккабоғ ва Қамаши туманларидаги 21 минг 650 гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/V2fJohVez7g?si=6c0C8YB7wwoHY6pe" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбири