Янги Ўзбекистоннинг ёш ижодкорлари
Айтишларича, олим бирор оламшумул кашфиёт яратса, уни халққа англатмоқ учун бу кашфиётни тафаккур юксакликларидан кундалик турмуш заминига олиб тушиши, мавҳум ва мураккаб формулалар тилидан жўн, кўникилган тушунчалар, оддий тасаввурлар тилига кўчириши лозим.
Санъатда эса бунинг акси. Шоир ҳам оламшумул кашфиётлар қилади — бетакрор рангларга, мафтункор жилоларга, сеҳрли маъноларга, дурдона ҳикматларга тўла гўзал дунё яратади. Бироқ бу дунёни англамоқ ва англатмоқ учун жўнлаштириб, оддий маиший тилга кўчириб бўлмайди. Жўнлаштирилиши биланоқ гўзаллик ғойиб бўлади, асарнинг сеҳру жодуси йўқолади, ҳозиргина сизни ларзага солиб турган поэтик мисралар бетаъсир сўз тизмаларига айланади.

Одатда, қалби уйғоқ, ҳақиқатга ва гўзалликка ташна орифларгина шоир яратган нафосат оламини идрок қиладилар ва ғофилларни унинг гўзалликларидан огоҳ этадилар. Шу тариқа шоирлар яратган гўзаллик халқ мулкига айланади ва унинг маънавий дунёсининг юксалишига хизмат қилади. Адабиёт ва санъатга ошуфта кўнгилларда ҳеч қачон бузғунчи ғоялар пайдо бўлмайди. Ёшларнинг маънавиятини юксалтиришда албатта, адабиёт ва санъат муҳим аҳамият касб этади.

Бухоро вилояти Шофиркон туманида "Янги Ўзбекистоннинг ёш ижодкорлари" мавзусида ўтказилган ижодий учрашувда шулар ҳақида сўз борди. Тадбир Республика Маънавият ва маърифат маркази Шофиркон тумани бўлинмаси ташаббуси ва Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилоят бўлими, Бухоро вилояти Ёзувчилар уюшмаси, туман ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар, халқ таълими, маданият, қўриқлаш бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тумандаги таълим муассасаларида ўқиётган ижодкор ўқувчилар иштирок этган ижодий учрашувга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, "Маърифат" тарғиботчилари жамияти аъзоси Бобур Бобомурод ҳамда эстрада хонандаси Кумуш Мўминовалар меҳмон сифатида қатнашди.

Тадбирни Бухоро вилояти Ёзувчилар уюшмаси раҳбари, шоир, "Маърифат" тарғиботчилари жамияти аъзоси Шодмон Сулаймонов олиб борди. Адабиёт ва санъат шахс маънавиятини бойитиш ва юксалтириш омили эканлигини таъкидлади. Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилояти бўлими раҳбари, "Маърифат" тарғиботчилар жамияти аъзоси Марҳабо Пардаева Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатноманинг мазмун моҳияти ҳақида гапириб, ёшларга берилаётган эътибор, улар учун яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Ўқувчи-ёшларни янада фаол бўлишга, кўпроқ китоб ўқиш, билимларини мустаҳкамлаб боришга даъват этди.
Шундагина улар ўз олдига қўйган мақсадларга эришиши, ўз касбининг етук мутахассислари бўлиб етишиши мумкинлигини қайд этди. Учрашувда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Бобур Бобомурод ўз ижодларидан намуналар келтириб, ўқувчи ёшларнинг китоб кўпроқ ўқишлари, китоб инсониятнинг тарихий хотираси, маънавий олами, илмий заминини мустаҳкамловчи, келажакни ёрқин кўрсатиб боришга қодир машъала эканлиги ҳақида гапирди. Учрашув давомида ўқувчи-ёшлар ўз ижодларидан парчалар келтириб, ўзларини қизиқтирган саволлар, фикр-мулоҳазалари билан фаол иштирок этди.

Тадбир давомида эстрада хонандаси Кумуш Мўминова ўз куй-қўшиқлари билан тадбир иштирокчиларига хуш кайфият бағишлади. Шунингдек, Ж. Ширинов ҳамда туман маданият бўлими хушовоз хонандалари томонидан қўшиқлар янгради. Ўқувчилар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, уларнинг қалбида ватанпарварлик, эзгулик, инсонпарварлик сингари юксак инсоний фазилатларни шакллантириш, бадиий адабиёт мутолаасига бўлган қизиқишни янада ошириш, ижодкор ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган "Янги Ўзбекистоннинг ёш ижодкорлари " ижодий учрашувида фаол иштирок этган бир гуруҳ ёш ижодкорлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар билан тақдирланди. Хулоса қилиб айтганда, ўқувчи ёшлар ушбу учрашувдан бир олам қувонч олиб китобга, адабиётга бўлган қизиқишлари янада ортди. Зеро китоб – мозий даракчиси, бугуннинг тарбиячиси ва муаллими, келажакнинг йўлбошчиси. Ёшларда китоб ўқиш кўникмаси шаклланса, камолоти йўлида қолган барча амалларни китобнинг ўзи ўргатади.
Дилором Ғаффорова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Шофиркон тумани бўлинмаси раҳбари ЎзА