Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи
15 май – Халқаро оила куни
Навоий вилояти Кармана туманидаги Маданият уйида 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Танловда шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 11 нафар оила вакиллари иштирок этди.

– Мамлакатимизда умуминсоний, миллий ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, оилаларнинг фарзанд тарбиясидаги масъулиятини янада ошириш, ёш авлодни жамият олдидаги бурч ва масъулиятни чуқур ҳис этадиган, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Малика Мамадиярова. – Шунингдек, катталарга эҳтиром, кичикларга меҳр-оқибат, Ватанга садоқат ва муҳаббат туйғуларини ёшлар қалбига сингдириш йўлида муносиб ҳисса қўшиб келаётган ташаббускор ва ибратли оилаларни тақдирлаш ва рағбатлантириш, уларнинг ижобий тажрибаларини кенг оммалаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур танловда камида 10 йил бирга тинч-тотув яшаётган, ижтимоий фаол, оилалар ва маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга муносиб ҳиссасини қўшаётган, маҳаллани ободонлаштириш ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ишларида фаол бўлган оила вакиллари иштирок этди.

Танлов низомига кўра, иштирокчи оилалар Ҳакамлар ҳайъатига “Бу менинг оилам” мавзусида оила таркиби ва фаолияти ҳақидаги маълумотлар жамланган оилавий фотоальбом, “Оила – муқаддас қўрғон” мавзусида ўзларининг жамиятда тутган ўрни, касб-кори, севимли машғулоти, оилавий муносабатлар, оиладаги анъана ва қадриятларни акс эттирувчи 3 дақиқалик маънавий-маърифий видеороликни тақдим этди. Шунингдек, “Ватан – менинг оиламдан бошланади” шартида эса иштирокчилар оиласида шаклланган ватанпарварлик қадриятлари, миллий анъаналар, юртга садоқат ва фуқаролик масъулиятини ижодий чиқиш орқали кўрсатиб берди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни Навоий шаҳридан Эшмуродовлар оиласи, 2-ўринни Қизилтепа туманидан Жумаевлар оиласи ва 3-ўринни Нурота туманидан Мухторовлар оиласи эгаллади.
Тадбир сўнггида барча иштирокчилар муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА