9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Уруш қатнашчисига Президент табриги ва мукофотлар топширилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз ҳарбий госпиталида бўлиб, айни пайтда даволанишда бўлган 105 ёшдаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Шоҳимардон бобо Ҳамроевни байрам билан қутлади. Президентимизнинг табригини ўқиб эшиттириб, ғалабанинг 81 йиллиги муносабати билан ажратилган пул мукофоти ва совғаларини тантанали топширди.

Бойсун туманидаги Темир Дарвоза маҳалласида яшайдиган Шоҳимардон Ҳамроев 20 ёшида Иккинчи жаҳон урушига отланиб, 3-Беларус фронтининг артиллерия қисмида хизматни бошлаган. Украина, Беларус, Пруссия шаҳарлари, Латвия, Эстония, Литвия ҳамда Кенигсберг қалъасини душмандан озод этишда жасорат кўрсатган.
1945 йил ўз она қишлоғи Дарбандга қайтиб, 10-синфни битиргач, Душанбе педагогика институтида ўқиб, ҳаётини ёшлар таълим-тарбиясига бағишлади. Тоғли тумандаги Авлод, Хўжабулғон, Мачай ва Дарбанд қишлоқларининг мактабларида 40 йил ўқувчиларга сабоқ берди. 11 нафар фарзандни тарбиялаб, камолга етказди.
Иккинчи жаҳон урушида 53 минг 365 нафар сурхондарёлик қатнашиб, Ватан тинчлиги, элимиз фаровонлиги учун жанг майдонларида жасорат кўрсатган. Уларнинг 11 мингдан ортиғи жангу жадалларда мардларча ҳалок бўлган.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА