“Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз!”
Бугун Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз!” шиори остида “Энг намунали таълим муассасаси”, “Энг намунали ўқитувчи”, “Энг намунали ўқувчи” танловларининг Республика босқичи бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 июндаги “Ўсмирларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакатимиз Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар тайёрлаш бўйича янги тизим белгилаб берилди. Унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия таркибида “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳарбий таълимни такомиллаштириш, ёшларни юртимиз тарихи ва боболаримиз жасорати руҳида тарбиялаш, меросимизни ўрганиш, маънавият бўйича танловлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2022 йил 7 январь куни Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий таълим муассасаларига ташрифи давомида берилган топшириқлар бўйича 2022 йилнинг апрель-май ойларида “Темурбеклар мактаби” ва “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейлари ўртасида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, ватанпарварлик руҳини янада кучайтиришга қаратилган “Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз!” шиори остида “Энг намунали таълим муассасаси”, “Энг намунали ўқитувчи”, “Энг намунали ўқувчи” танловларини ўтказиш белгиланган.
Мазкур топшириқ ижроси юзасидан Республика Маънавият ва маърифат маркази, Фанлар академияси Тарих институти, Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардиянинг Қўшма қарори тасдиқланган. Унга асосан жорий йилнинг 7-8 июнь кунлари “Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз!” шиори остида “Энг намунали таълим муассасаси”, “Энг намунали ўқитувчи”, “Энг намунали ўқувчи” танловларининг Республика босқичи бўлиб ўтади.
Юртимизда ёшларни маънавий-аҳлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик, она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда ҳалоллик, ватанпарварлик, фидокорлик сингари шахсий хислатларни, шунингдек, миллий руҳ, миллий ғурур туйғуларини шакллантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини янада ривожлантириш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Республика миқёсида ўтказилаётган мазкур танлов ҳам айнан ушбу мақсадларни кўзда тутади.
Кўрик-танловларнинг ҳудудий босқичлари Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тузилган Ишчи гуруҳ иштирокида 2022 йилнинг апрель ойида ўтказилган бўлиб, унда Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент “Темурбеклар мактаби”, Мудофаа вазирлиги Фарғона “Темурбеклар мактаби”, Ички ишлар вазирлиги Нукус “Темурбеклар мактаби”, Миллий гвардия Тошкент “Темурбеклар мактаби”, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Шаҳрисабз “Темурбеклар мактаби” ва Давлат хавфсизлик хизмати Термиз “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейларидан жами 120 нафар ўқитувчи ва 850 нафар ўқувчи ўзаро беллашди.
Мазкур танловнинг республика босқичида эса ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритганган 6 та таълим муассасаси, 6 нафардан ўқитувчи ва ўқувчи қатнашмоқда.
Бу жараёнда ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг ҳарбий-академик лицейлар ва уларнинг ўқитувчи ва ўқувчиларида узлуксиз маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этишнинг стратегик йўналишлари, таъсирчан, креатив ва инновацион услублар ишлаб чиқиб амалиётга қўллаши, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича амалга оширган ишлари эътиборга олиниб, белгиланган шартлар бўйича баҳоланади. Жумладан, “Энг намунали ўқитувчи” танловида ўқитувчиларнинг машғулотни ташкил этиши, машғулот мазмуни, педагогик маданияти, ўқитиш методикаси, фаолият самарадорлиги ҳамда мактабдан ташқари фаолиятидаги ютуқлари алоҳида эътиборга олинмоқда. Шунингдек, “Энг намунали ўқувчи” танловида “Китобхонлик”, “Тест саволлари”, “Темур тузуклари билимдони”, “Шахсий фазилатларини баҳолаш” ҳамда “Амир Темур образини яратиш” сингари шартлар ҳам ўрин олган.

Таъкидлаш жоиз, мазкур танловлар “Темурбеклар мактаби” ва Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, юқори малакали педагогларни рағбатлантириш, педагогик фаолиятнинг нуфузини янада кўтариш, юксак билимли, мустақил фикрлайдиган, ўзи танлаган йўналиши ва мутахассислиги бўйича мукаммал билим ва кўникмага эга бўлган рақобатбардош кадрларни тайёрлаш, таълим ва тарбия соҳасидаги инновацион технологияларни кенг оммалаштириш, соғлом рақобат ва ижодкорлик муҳитини яратишдек эзгу мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятлидир.
ЎзА