Янги Ўзбекистонда янги касаба уюшмалари
11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни
“Инсон қадри учун” ғоясини умуммиллий ҳаракатга, юртимизни кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айлантиришда давлат ва жамоат ташкилотлари билан бир қаторда, шубҳасиз, касаба уюшмалари ҳам муҳим ўрин тутади. Республикада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда касаба уюшмалари фаол иштирок этиб, юрт тараққиёти йўлида юқори чўққиларни кўзлаб фаолият кўрсатмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан 11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни, деб эълон қилинди. Шу кунларда Бухоро вилоятининг барча ташкилот ва муассасаларида ушбу кунга бағишланган тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари” шиори остида “Уч авлод” учрашуви ташкил этилди.
[gallery-14288]
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси вилоят туман, шаҳар ташкилотларида ишлаган меҳнат фахрийлари, касаба уюшмаси ходимлари ва фаоллари иштирок этган тадбирни Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Бухоро вилояти кенгаши раиси Муҳаммадқосим Олимов очиб, барча иштирокчиларни сана билан қутлади. Тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашининг Бухоро вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Райҳон Носирова вилоят касаба уюшмаси ташкилотларида бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди.
Тадбирда уч авлод вакиллари Юртбошимиз томонидан касаба уюшмаларининг ўтмиши ва бугунги кунда эришилаётган ютуқлари ҳақида сўз юритди.
Касаба уюшмалари куни муносабати билан меҳнат фахрийлари Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари