Янги Ўзбекистонда янги давр шиддати
Минг шукрки, бундан 30 йил олдин халқимиз узоқ йиллар орзиқиб кутган мустақиллигини, суверенитетини тантанавор эълон қилиб, ўз юксалишининг янги босқичига қадам қўйди.
Юртимиз ўтган йиллар давомида мустақиллигини ҳар томонлама мустаҳкамлаб борди, халқаро майдонда ҳам ўз ўрнига, ўз сўзига эга бўла олди. Кундан кунга юксалиб, тараққий этиб бораётган озод ва обод Ватанимизни бугун дунё танимоқда, тан олмоқда. Турли соҳаларда Ватанимиз эришаётган ютуқлар юртдошларимизнинг ҳамжиҳатлиги, халқимизнинг бунёдкорлик борасидаги меҳнатлари ва албатта, муҳтарам Юртбошимизнинг олиб бораётган одилона сиёсати маҳсулидир. Айниқса, юртимизда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар ҳақида ҳар қанча гапирсак, камлик қилади. Ёшларимиз таълим, спорт, санъат, қўйингки, барча соҳаларда эришаётган юксак марралар ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг самарасидир.
2020 йил 17 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, халқимиз неча юз йиллик тарихи давомида орзу қилган, мамлакатимиз ҳаёти ва тақдирида туб бурилиш ясаган, том маънодаги буюк, оламшумул воқеа — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги эълон қилинганининг ўттиз йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида мамлакатимизда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанали йиғилишда Президентимиз улуғвор режалар, янгидан янги беқиёс бунёдкорлик ишлари, оламшумул мақсадлар рўёби ҳақида сўз очди.
“Бугун мустақиллигимизнинг биринчи йилида туғилган болалар ўттиз ёшга – айни камолот ёшига етди. Мен мана шу навқирон ёшларимизга, азиз ўғил-қизларимга мурожаат қилиб айтмоқчиман. Сиз истиқлол фарзандлари, озод ва эркин, ҳур фикрли инсонлар сифатида ҳаётга дадил кириб келаётганингиз биз учун энг катта бахт, катта давлатдир. Мен ишонаман, сизлар замонавий билим ва тараққиёт чўққиларини пухта эгаллаб, биз бошлаган ишларни муносиб давом эттирасиз”, – дея юртбошимиз ўз нутқида ёшларга катта ишонч билдирди. Дарҳақиқат юртимизда ёшларнинг ўқиб, билим олиши, етук ва комил инсон бўлиши учун барча имкониятлар яратилган. Ўзбекистоннинг қай бир гўшасига қарамайлик қурилиш, бунёдкорлик ишлари, маънавиятимиз, онгу шууримизда юз бераётган ўзгаришлар юртдошларимиз кайфиятини кўтармоқда, уларни улкан орзулар, эзгу ниятлар сари илҳомлантирмоқда. Тан олиб айтишимиз керак, истиқлол йилларида, жумладан, кейинги беш йил ичида мамлакатимизда катта ҳажмдаги хайрли ишлар амалга оширилди. Айниқса, мамлакатимиздаги янги давр шиддати бугун илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни ҳар қачонгидан ҳам кўра долзарб аҳамиятга эга эканлигини, жорий этилаётган қарор ва фармонлар илм-фан соҳаси ривожида давлат бошқарув тизимининг устуворлигини аниқ, қатъий асослаб берди.
Мана шундай янгиликларни қарши олаётган, улкан фан оламида илмий мактаб ярата олган, интеллектуал салоҳиятга эга бўлган Бухоро давлат университети республикада таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади. Бугунги кунда университетимизда республикамизда ягона бўлган “UNIWORK” кенг имкониятли тизимда ишлашга ўтилди. Турли расмий муносабатлар ушбу дастур асосида олиб борилмоқда. Университетда илм-фанни янги босқичга кўтариш, фундаментал тадқиқотлар яратиш, янги назарияларни шакллантириш, ижодий тафаккурни ривожлантириш учун сўнгги 2 йилда янги 2 та ихтисослик бўйича (DSc) фан доктори, 15 та ихтисослик бўйича 8 та (PhD) фалсафа фанлари доктори бўйича илмий кенгашлар фаолиятининг йўлга қўйилганлиги ҳам фикримизнинг амалий исботидир.
Шу қисқа давр ичида илмий кенгашларда жами 97 та диссертация ишлари 100% овоз билан ҳимоя қилиниб, диссертантларимиз фалсафа фанлари доктори (PhD) дипломларини қўлга киритдилар. 13 нафар тадқиқотчиларимиз муддатдан олдин ҳимоя шоҳсуппасига чиқдилар. Дунё тан олган мамлакатларнинг ривожланиш йўлига назар ташласак, уларнинг аксари илм-фан тараққиёти ва иқтидорли ёшлари ҳамда олимлари билан шу даражага етганига гувоҳ бўламиз. Зеро, буюклар айтганидек, илм йўли машаққатли йўлдир. У кишидан алоҳида қунт, катта матонат, сабр-бардошни талаб этади. Шу маънода айтганда, Ўзбекистонимизда олимларга бўлган эътибор, кўрсатилаётган ғамхўрликнинг чеки йўқ. Бу эса бизга куч-қувват бағишлаб, улкан марраларни эгаллашга имконият яратмоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Атоқли маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган ҳикматли сўзларини мен қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман. Кейинги йилларда масалага мана шундай ёндашув бизнинг ушбу соҳадаги фаолиятимиз мезонига айланди. Чиндан ҳам, агар биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиради. Инсон ўзгарса – бутун жамиятимиз ўзгаради. Интеллектуал ва маданий салоҳиятнинг қандай ноёб бойлик экани, нодир талант эгаларини тарбиялаб камолга етказиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини унутишга ҳаққимиз йўқ”. Бундай даъватли сўзлар албатта ҳар қандай илм аҳлига қолаверса ёшларга руҳий мадад бўлади.
Бугунги кунда қанча-қанча билимли, чет тилларни, замонавий бошқарув усулларини яхши биладиган навқирон ёшлар ҳаётимизга кириб келмоқда. Улар – бизнинг умидимиз, эртанги кунимиз. Шунинг учун ёшларга кенг йўл очиб бериш, эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш давлатимиз, Президентимиз эътибори марказида эканлиги кучимизга куч қўшмоқда.
Ёшлар мамлакат тараққиёти моделига айланиб бораётган бугунги кунда Юртбошимизнинг эътибори ва рағбатидан куч олган, янги ташаббус ва мақсадлар сари қадам қўяётган ёш авлод юртимиз истиқболи, ёруғ келажагимиз бунёдкори, деган эътирофга муносиб меҳнат қилиши керак. Қолаверса, дунё миқёсида рақобат кескин тус олаётган давр фақат замонавий илм-фан ва инновация ютуқлари билан қуролланиш лозимлигини кўрсатади. Бу борада ёшларнинг таълим-тарбияси, она Ватанга, Истиқлол ғояларига садоқати, миллий қадриятларга эҳтироми, буюк аждодларга муносиб ворислик эътиқоди бизни Янги Ўзбекистоннинг янги истиқболига етаклайди, албатта.
Хамидов Обиджон Хафизович
Бухоро давлат университети ректори,
иқтисод фанлари доктори, профессор