Янги Ўзбекистонда халқчил парламент: ислоҳотлар, ташаббуслар ва ривожланиш истиқболлари
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ташаббуси билан Халқаро парламентаризм кунига бағишланган “Янги Ўзбекистонда халқчил парламент: ислоҳотлар, ташаббуслар ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда сенаторлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари олимлари, таҳлил марказлари экспертлари, қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи ҳамда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар шароитида парламентнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётгани, парламент дипломатияси мамлакат ташқи сиёсий ва иқтисодий манфаатларини илгари суришда муҳим воситага айлангани таъкидланди.
Парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш, халқаро парламент ташкилотлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги жараёнига илмий-таҳлилий ёндашувларни кенг жорий этиш ҳамда парламент назорати самарадорлигини ошириш масалалари юзасидан маърузалар тингланди.
Муҳокамалар давомида экспертлар томонидан парламент дипломатиясини ривожлантириш, давлат органлари, парламент ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, қонунчилик сифатини оширишга қаратилган қатор амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Бундай мулоқот майдонлари очиқ ва халқчил парламент фаолиятини ривожлантириш, илғор халқаро тажрибани кенг жорий этиш ҳамда парламент фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА