Янги Ўзбекистонда таълим – инсон қадрига хизмат қилади
Янги Ўзбекистонда олий таълим тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида инсон қадри, унинг билим олиши, касбий камолоти ва муносиб ҳаёт кечириши давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Бугунги кунда университетлар нафақат билим берувчи муассаса, балки илм-фан, инновация, тадбиркорлик, халқаро ҳамкорлик ва энг муҳими, инсон тақдирини ўзгартирадиган маскан сифатида ривожланмоқда.
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги олдидан
Бу ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини Фарғона давлат университети мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Қарийб бир асрлик тарихга эга университетимиз мамлакатимиз учун педагогика, саноат, қишлоқ хўжалиги, ҳуқуқ, банк-молия, экология ва бошқа қатор соҳаларга юқори малакали кадрлар тайёрлаб келмоқда. Кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар эса университетни халқаро майдонда рақобатбардош таълим муассасасига айлантиришда муҳим омил бўлди.
Бугун олий таълим сифати нафақат аудиториядаги машғулотлар, балки битирувчининг меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши билан баҳоланмоқда. Шу мақсадда университетимизда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёзги таътил даврида талабаларнинг вилоятдаги хорижий ва қўшма корхоналарда амалиёт ўташи йўлга қўйилди. Барча талабалар уч томонлама шартномалар асосида корхоналарга бириктирилди. Бу эса уларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш, касбий кўникмаларини ошириш ҳамда келгусида иш билан таъминланиши учун мустаҳкам замин яратди.
Айниқса, "Долзарб 90 кун" лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ўзининг амалий самарасини берди. Жорий ўқув йилида университетни 5 минг нафардан зиёд талаба битирди ва уларнинг аксарияти бугун ўз мутахассислиги бўйича меҳнат фаолиятини бошлади. Бу эса давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган ёшларни қўллаб-қувватлаш сиёсати амалда қандай натижа бераётганининг яна бир ёрқин исботидир.
Инсон қадрини улуғлаш аввало ёшларга бўлган ишончдан бошланади. Шу боис университетимизда талабаларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар йўлга қўйилган. "Талаба хавфсизлиги куни", "Карьера ва бизнес" марафони, "Келажакка қадам" лойиҳаси, устоз-шогирд анъаналари, психологик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.
Бу ислоҳотларнинг энг катта натижаси инсон тақдирида намоён бўлмоқда. Бугун битирувчиларимиз орасида ўз соҳасида муваффақият қозонаётган, магистратурада таҳсил олаётган, нуфузли таълим муассасалари ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёшлар кўплаб учрайди. Улар эришган ютуқлар университетимиз жамоаси учун энг катта эътирофдир.
Сўнгги йилларда университетнинг халқаро нуфузи ҳам сезиларли даражада ошди. Фарғона давлат университети "QS Stars" баҳолаш тизимида тўрт юлдузга муносиб деб топилди. Таълим сифати, инфратузилма, битирувчилар бандлиги ва бошқарув самарадорлиги йўналишларида эса беш юлдузли баҳоларга эришилди. "QS World University Rankings: Asia" рейтингида 801-850 ўринлардан жой олган университетимиз "THE Impact Rankings" рейтингининг бир қатор кўрсаткичлари бўйича дунёдаги етакчи олий таълим муассасалари қаторидан ўрин эгаллади. "UI GreenMetric" ҳамда "Round University Ranking" рейтингларида қайд этилган юқори натижалар ҳам олиб борилаётган ислоҳотларнинг халқаро эътирофи бўлди.

Шунингдек, кимё, биология, математика ва физика йўналишлари бўйича 8 та таълим дастурининг Германиянинг нуфузли ASIIN агентлиги томонидан халқаро аккредитациядан ўтгани таълим сифатини янада ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Бугун университетимизда 25 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. 13 та факультет, 52 та кафедра, 82 та бакалавриат ва 40 та магистратура мутахассислиги бўйича таълим жараёни ташкил этилган. Илмий салоҳиятнинг 68 фоизга етгани, замонавий лабораториялар ва инновацион муҳитнинг шакллангани илм-фан ривожига янги суръат бағишламоқда.
Амалиётга йўналтирилган таълимни ривожлантириш мақсадида университетимизда анорчилик, узумчилик, чорвачилик, асаларичилик ҳамда "Профлингва" таржима йўналишида замонавий коворкинг марказлари ташкил этилди. Бу марказлар талабаларнинг илмий ғояларини амалиётга татбиқ этиш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, минг нафардан зиёд талабамиз республикадаги йирик саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарида дуал таълим тизими асосида таҳсил олмоқда.
Халқаро ҳамкорлик ҳам университетимиз тараққиётининг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда Фарғона давлат университети дунёнинг 34 давлатидаги 218 та олий таълим муассасаси ва илмий марказлари билан ҳамкорлик қилади. Россия, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон, Хитой, Германия, Жанубий Корея, АҚШ ва бошқа давлатлар билан йўлга қўйилган алоқалар академик алмашинувлар, қўшма илмий тадқиқотлар ҳамда халқаро лойиҳаларни амалга оширишга кенг имконият яратмоқда.
Университетимиз нуфузли халқаро форумлар ва илмий анжуманларга мезбонлик қилиб, мамлакатимиз таълим тизимининг халқаро майдондаги обрўсини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг очиқлик, ҳамкорлик ва илм-маърифатга асосланган тараққиёт стратегияси ўзининг амалий самарасини бераётганини кўрсатади.
Бугунги ютуқларимизга назар ташлар эканмиз, бир ҳақиқат янада яққол намоён бўлади: барча ислоҳотлар марказида инсон турибди. Ёшларнинг билимли, рақобатбардош ва ватанпарвар шахс бўлиб камол топиши учун яратилаётган шароитлар эртанги тараққиётимизнинг энг ишончли кафолатидир.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида қўлга киритилаётган натижалар бизга янада катта масъулият юклайди. Биз инсон қадрини улуғлаш, таълим сифатини янада юксалтириш, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш йўлидан изчил давом этамиз. Зеро, мамлакат тараққиётининг энг мустаҳкам пойдевори билимли инсон, кучли таълим ва юксак маънавиятдир.
Баҳодиржон Шермуҳаммадов,
Фарғона давлат университети ректори.
ЎзА